Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Экспортга маҳсулот чиқаришда ҳамон эскича услубда ишлаяпмиз» – Фарғонадаги «Уз-Сеганг» қўшма корхонаси раҳбари билан суҳбат

Ташрифнинг биринчи кунида президент Мирзиёев Тошлоқ туманидаги «Уз-Сеганг» қўшма корхонасида ҳам бўлди. «Уз-Сеганг» ҳақида:
Kun.uz мухбири йилига 16 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва экспорт қилиш қувватига эга ушбу корхона раҳбари Хуршид Норматов билан корхона фаолияти ва экспортга оид саволлар юзасидан интервью уюштирди.
«Президент Мирзиёев суҳбат давомида мендан муаммолар ҳақида сўради. Мен унга мева-сабзавот маҳсулотларининг логистика марказига етиб келгунча бўлган муддатда кўп вақт йўқотилиши ҳақида гапирдим», – деди Норматов интервью аввалида.

Унинг айтишича, «Уз-Сеганг» қўшма корхонаси таъсисчилари бу муаммони йўқотиш учун корхона қошида боғзорлар ташкил қилмоқчи. Ҳозирда бу боғларнинг кластер лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.
– Президент сайтида ёзилишича, 2020 йилда корхонангиздан Хитой, Жанубий Корея, Бирлашган Араб Амирликлари, Польша, Россия, Қозоғистон каби давлатларга 20 миллион долларлик маҳсулотлар экспорт қилинади.
Яхши биласиз, бизда экспорт масаласи энди-энди оёққа тураётган соҳа. Бу йўлда қандай муаммолар биринчи навбатда ечилиши керак деб ҳисоблайсиз?
– Экспортдаги энг катта муаммо бу – четга маҳсулот чиқаришда ҳамон эскича услубда ишлаяпмиз.
Келинг, фикримни бошидан тушунтираман. Мен 5 йил аввал Россияга биринчи бор экспортчи сифатида бордим. У ерда кўрдимки, бутун дунёдан келаётган мевалар фураларда олиб келиниб тезда йирик супермаркетларга тарқатилади. Аммо Ўзбекистондан борган мевалар қайта сараланиб, кейин бозорга тарқатилади.
Иккинчидан, супермаркетлар тармоғи Ўзбекистон маҳсулотларини ҳеч қачон тўғридан-тўғри сотиб олмайди. Баъзи тармоқлар эса бизнинг маҳсулотларни умуман харид қилмайди. Бунинг сабаби маҳсулот нархига унинг сифати тўғри келмайди.
Бунинг сабаби биринчидан, маҳсулотларимизда «Global G.A.P.» халқаро сертификати йўқ, иккинчидан, маҳсулотни сифатли тарзда етказиб берувчи йўқ.

– Кўпчилик деҳқонлар экспорт муаммоларининг бошида божхоналардаги бюрократия ва экспортдаги монополия турганини айтишади...
– Тўғри, аввал шундай эди, лекин ҳозир божхоналар анча эркинлашган. Экспортчилар фойдасига ишлаяпти. Экспортдаги энг катта муаммо нима деб сўрадингиз. Муаммо шундаки, бизнинг экспортчилар мевани даланинг ўзида теряпти ва ўша ернинг ўзида қадоқлаб юк машиналарига ортишмоқда. Чет давлатга етказилаётган маҳсулотнинг сифатига эса эътибор берилмаяпти. Қарабсизки, ортилган маҳсулотнинг 30-40 фоизи Россия бозорига етиб бормасданоқ йўқотилади.
Қоидага кўра, мевали маҳсулотларни йиғиштириб олишнинг ҳам ўзига хос мураккабликлари бор. Масалан, мевали маҳсулотлар эрталаб, узоғи билан соат 10:00гача терилиши керак. Терилган маҳсулот имкон қадар қисқа муддатда сараланиши ва қадоқланиши шарт.
Масалан, биз маҳсулотларимизни 3 хил диверсификация қиламиз. Энг сифатли маҳсулотлар (ҳеч қаерида қора нуқталари, лат еган жойлари йўқ, чиройли) маҳсулотларимиз Жанубий Кореяга кетади. Ўрта сифатдаги маҳсулотларимиз Россияга юборилади. Ундан ҳам сифати пастроғи эса (товар кўриниши йўқ, лекин истеъмолга яроқли) Россиядаги кам таъминланган аҳоли харидори бўлган, арзон маҳсулотлар сотувчи дўконларга тарқатилади.
Биз яна бир лойиҳа устида ишлаяпмиз. Бу лойиҳага кўра, 4 сифатдаги маҳсулотларни ҳам йўқотмаймиз. Улардан мураббо ва сок ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчимиз. Биз бунинг учун техникалар келтириш бўйича келишувга ҳам эришдик.



– Кооперациялар борасида қандай фикрдасиз? Яъни, бир нечта фермер бирлашган ҳолда маҳсулотларини бир киши орқали экспортга юборади. Бу ҳам экспорт кўрсаткичини яхшилашга хизмат қилмайдими?
– Бу тизимга шахсан мен қаршиман. Биз ўз маҳсулотимизни ўзимиз териб, ўзимиз қадоқлаб ва яна ўзимиз сотишга олиб бормаслигимиз керак. Бизнинг асосий мақсадимиз, логистика орқали бренд яратиб, маҳсулотни чиройли тарзда экспортга чиқариш бўлиши керак. Ҳатто йирик тармоқларнинг ўзи биздан маҳсулотни олиб кетиши керак. Сиз қайси давлатда кўргансизки, деҳқон ўзи маҳсулот етиштириб, ўзи сотишга олиб борганини?
– Лекин бу деҳқонга янги очиладиган имконият. Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари биргаликда ишлаб чиқарган маҳсулотини ўз моддий эҳтиёжларини қондириш мақсадида эркин сотишида нима муаммо кўряпсиз?
– Ҳақиқий экспорт бу –йирик тармоқ дўконларининг ўзи бизга келиб маҳсулотимизни олиб кетиши. Сиз маҳсулотни юборишингиз керак, тамом.
– Сиз бирданига бу босқичга чиқиб қолиш мумкин эмаслигини яхши тушунасиз. Ва табиийки, барча фермер бу каби логистика марказини ташкил қила олмайди.
– Тўғри, бу босқичга чиқишнинг ҳам муаммолари бор. Масалан, биз кўп деҳқонга бориб, шундай хизмат кўрсатамиз деганимизда бизга ишонишмади. Мана, ҳозир Беларуснинг йирик компанияси «Евроторг»га биринчи маҳсулотимизни юбордик.Улар хурсанд.
{«Евроторг» – бу Беларуснинг «Евроопт» деб номланган хусусий озиқ-овқат дўконлари тармоғидир. 2016 йил 1 январ ҳолатига – озиқ-овқат дўконларининг сони бўйича мамлакатдаги энг йирик чакана савдо тармоғи (438 дўкон) – таҳр.}.
Бизга бренд компаниялар керак. Улар маҳсулотимизни йирик бозорларга етказиб бериши керак. Улар бизни яхши билмаслигини, бу бўйича тажриба йўқлигини айтишади.
Маҳсулотни шу ерда саралашимиз ва экспорт қилишимиз керак. Бу ердан маҳсулот олиб кетиб бозорда саралаш бу иш эмас.
– Бизда кўпинча Россия бозорини ягона йирик бозор сифатида кўришга ўрганишган. Россиядан бошқа яна қайси бозорларни имконият сифатида кўрасиз?
– Бизда бизда катта имкониятлар бор. Россия бозори ягона бозор бўлиб қолиши керак эмас. Мен айтаётган тизимни йўлга қўядиган бўлсак, Россия бозори ҳеч нарса бўлмай қолади. Биз «Уз-Сеганг»даги каби технологияларни қўллаб маҳсулотни экспорт қиладиган бўлсак, Япония, Корея каби давлатларда маҳсулотларимиз ҳозиргидан бир неча баробар юқори нархда сотилади.

– Ҳозир қайси мева турларини қадоқлаб экспорт қилмоқдасиз?
– Асосий йўналишимиз анор ва гилос. Биз икки йил ичида Жанубий Кореяга 1800 тонна анор юбордик. Бу рекорд. Бу йилдан гилос экспортини бошладик. Шу каби қадоқлаш корхоналарини кўпайтиришимиз керак. Чунки бизнинг экспортёрлар брендга ишлайди. Иккинчидан, маҳсулотлар сифатли етиб бориши ортидан харидорларда бизнинг маҳсулотларга бўлган ишонч ортади. Айтганимдек, ҳали очилмаган имкониятларимиз жуда катта.

– Бу борада яна қайси жиҳатларга эътиборни кучайтириш керак? Шунингдек, президент «Уз-Сеганг» қўшма корхонасига боғларни бириктириб бериш ҳақида гапирганини эшитдим. Бу қандай тартибда бўлади?
– Биз саноат боғларига эътиборни кучайтиришимиз керак. Яъни, ҳозир 50дан ортиқ ишчиларимиз турли ҳудудлардан кичик ҳажмда гилос олишга мажбур. Агар улар бир жойга борганида эди юқорида айтганимдек, саралашни ўша жойнинг ўзида қилган бўлардик. Биз лабораторияларимизни ҳам ўша боғнинг ўзига олиб бориб, текширувни ҳам, маҳсулотни гидрокулердан ўтказишни ҳам ўша жойнинг ўзида қилган бўлардик.
Бизга фақат маҳсулотни логистика марказига олиб келиш ва қадоқлаш қолади. Бу эса профессионал фаолият дегани.
Шу каби инфратузилмали корхоналар кўпаядиган бўлса маҳсулот таъминотида ҳам муаммо бўлмайди.
Шу тизимни жорий қила олсак, деҳқонлар ўз маҳсулотини экспорт қилишдан ҳам ўйланмайди. Улар ишонадики, маҳсулотига харидор доим бор. Бу тизим билан яна соҳага илмий ёндошиш имконияти пайдо бўлади.
Илёс Сафаров суҳбатлашди.