Ўзбекистон | 09:45 / 10.06.2020
12552
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда янги орден таъсис этилди

Президент «Фахрий мураббий» орденини таъсис этиш тўғрисида»ги қонунни имзолади. 

Ҳужжат Қонунчилик палатаси томонидан 2020 йил 5 майда қабул қилинган, Сенат томонидан 2020 йил 11 майда маъқулланган.

Қонун билан «Фахрий мураббий» ордени таъсис этилди ва «Фахрий мураббий» ордени тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомга кўра, «Фахрий мураббий» ордени билан ёшларни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш, уларни ёт ғоялардан асраш, адашганларни тўғри йўлга қайтариш, ёш авлод вакилларида фаол фуқаролик позицияси ва мафкуравий иммунитетни, ташаббускорлик, фидойилик ва ахлоқий фазилатларни шакллантиришга муносиб ҳисса қўшган, шунингдек ўзининг чуқур билими ва бой ҳаётий тажрибаси билан ёрдамга муҳтож ҳамда оғир аҳволга тушиб қолган ёшлар ва оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, иш билан таъминлаш ҳамда тадбиркорликка ўргатиш, бунинг учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасида барчага шахсий намуна кўрсатиб келаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари мукофотланади.

«Фахрий мураббий» ордени билан:

ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни турли таҳдидлар ва ёт ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш, адашган ёшларни тўғри йўлга қайтариш бўйича манзилли ишларга уларни васийликка олиш орқали бевосита ҳисса қўшганлиги;

профилактик ҳисобда турган, ҳуқуқбузарлик содир қилишга ва салбий иллатга мойил бўлган ёшларда соғлом дунёқарашни, Ватанга меҳр ҳамда садоқат туйғуларини шакллантиришда мураббий сифатидаги алоҳида хизматлари;

уюшмаган ёшларни ҳамда кам таъминланган, эҳтиёжманд ва камбағал оилалар фарзандларини касб-ҳунарларга ўргатиш, тадбиркорлик, ҳунармандчилик, деҳқончилик ва чорвачиликка кенг жалб қилиб, уларнинг бандлигини таъминлаш борасидаги фидойилиги;

ҳудудларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, оилаларда меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, нотинч ва ажрим ёқасига келиб қолган оилаларни тиклаш, ёлғиз аёлларга ҳаётда мустақил бўлишга кўмак бериш ҳамда «Соғлом оила - соғлом жамият» деган эзгу ғояни ижтимоий ҳаётга кенг татбиқ этишда кўрсатган жонбозлиги;

маҳалласида ёшлар учун беғараз асосда мактаб, боғча, маданият ва спорт иншоотларини барпо этганлиги ҳамда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишни ташкиллаштиришга раҳбарлик қилганлиги;

туман ва шаҳарларни ёт ғоялардан холи ҳудудга айлантиришга қаратилган ижтимоий ва маънавий-маърифий ишларда эришган юксак натижалари ҳамда ибратли фаолияти учун мукофотланади.

«Фахрий мураббий» ордени билан мукофотланган шахслар базавий ҳисоблаш миқдорининг қирқ баравари миқдоридаги бир марталик пул мукофотини олади.

«Фахрий мураббий» ордени кўкракнинг чап томонига тақилади.

Мавзуга оид