Ҳукумат қарори лойиҳасида дронлардан фойдаланиш борасидаги «қатор камчилик ва муаммолар» маълум қилинди
Учувчисиз учиш қурилмаларидан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари қабул қилинади.
Вазирлар Маҳкамасининг “Учувчисиз учиш қурилмаларидан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.
Қайд этилишича, таҳлиллар учувчисиз учиш қурилмалардан тор доирада фойдаланилаётганлигини, уларни иқтисодиётнинг турли йўналишларида самарали қўллаш борасида ишлар тизимли олиб борилмаётганлигини бу борада қатор камчиликлар ва муаммолар мавжудлигини кўрсатмоқда.
Хусусан:
биринчидан, учувчисиз учиш қурилмаларини сақлаш, транспортировка қилиш, учириш ва бу амаллар билан боғлиқ хавфсизликни таъминлаш бўйича ягона тартиб ва қоидалар ишлаб чиқилмаганлиги учувчисиз учиш қурилмалардан кенг доирада мақсадли ва самарали фойдаланиш борасида жиддий тўсиқ бўлиб қолмоқда. Шунингдек, учувчисиз учиш қурилмаларини учириш билан боғлиқ кузатув ҳисоботини юритишда бирхиллаштирилган услубият ишлаб чиқилмаганлиги учувчисиз учиш қурилмаларидан фойдаланишда турли ёндашувларни келтириб чиқармоқда;
иккинчидан, учувчисиз учиш қурилмаларидан фойдаланиш мобайнида уларга сервис, техник ва таъмирлаш хизматларини кўрсатиш, бутловчи қисмлар билан мунтазам таъминлаш тизими шаклланмаган. Шу сабабдан иш қобилиятига эга учувчисиз учиш қурилмаларининг сони мунтазам камайиб бориши кузатилмоқда. Хусусан, ерларни мониторингини юритиш, геодезия ва картография ишларига жалб қилинган учувчисиз учиш қурилмаларининг жами сони 90 тани ташкил этиши билан бир қаторда айрим бутловчи ва эҳтиёт қисмларнинг етишмовчилиги сабабли 24 та учувчисиз учиш қурилмалари носоз бўлиб, учмай турибди;
учинчидан, учувчисиз учиш қурилмаларини бошқарувчи пилот-операторларни тайёрлаш курсларида виртуал стендлар ва технологиялардан самарали қўллаш йўлга қўйилмаганлиги сабабли ўқув курслари битирувчиларининг амалий кўникмаларга эга бўлиши ва учувчисиз учиш қурилмаларини учиришга психологик тайёргарлик даврининг узайиб кетишига олиб келмоқда;
тўртинчидан, учувчисиз учиш қурилмаларидан фойдаланишда эҳтиёж ва талаб юқори тармоқ қишлоқ хўжалиги ҳисобланса-да, ушбу йўналишда учувчисиз учиш қурилмаларини қўллаш фақат экин ерларни мониторинг қилиш ва ер майдонларини хатловдан ўтказиш билан чекланиб қолмоқда. Шу билан бир қаторда туманлар кесимида олганда ҳар 5 та қишлоқ хўжалиги туманига биттадан учувчисиз учиш қурилма тўғри келмоқда. Бу ҳолат қишлоқ хўжалиги ер майдонларини тўлиқ хатловдан ўтказишдаги самарадорликни талаб даражасида бўлиш имконини бермайди;
бешинчидан, учувчисиз учиш қурилмаларининг имкониятларидан ердан фойдаланувчилар, айниқса кластерларнинг самарали фойдаланиш тизими ишлаб чиқилмаганлиги аксарият ҳолларда кластерларнинг хориждан, мустақил равишда учувчисиз учиш қурилмаларини олиб келишига, ушбу йўналиш билан боғлиқ амалиётнинг хилма хил бўлиб кетишига сабаб бўлиб қолмоқда;
олтинчидан, учувчисиз учиш қурилмалардан фойдаланиш мобайнида айрим бутловчи қисмларга эҳтиёж келиб чиқаётгани ва уларни таъмирлаш билан боғлиқ муаммоларнинг йиғилиб бориши натижасида ҳозирда фойдаланишда бўлган учувчисиз учиш қурилмаларнинг таркибида таъмирга муҳтож учувчисиз учиш қурилмаларнинг сони тобора ортиб боришига олиб келмоқда;
еттинчидан, ҳукумат томонидан учувчисиз учиш қурилмаларини сотиб олиш ва фойдаланишга тегишли рухсат берилган вазирлик ва идоралар ортиб бораётганлиги мазкур соҳани тартибга соладиган ягона давлат тизимини шакллантиришни ва йўлга қўйишни тақозо этмоқда.
Мавзуга оид
10:47 / 11.11.2024
Россия 145 та дрон билан Украинанинг йирик шаҳарларига ҳужум қилди
10:58 / 07.11.2024
Хитойда 158 км магистрал йўл дронлар ёрдамида қурилди
17:36 / 04.11.2024
Британиялик олимлар “асаб тизими”га эга дронларни синовдан ўтказмоқда
12:50 / 18.10.2024