Жаҳон | 08:23 / 03.06.2026
2030
2 дақиқада ўқилади

Россия: Ленинград вилоятида 30 та дрон уриб туширилди

Украина дронлари Ленинград вилоятига ҳужум қилди. Россия томони ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари 30 та дронни йўқ қилганини маълум қилди.

Фото: AP

Украина дронлари 3 июнь куни тунги вақтда Россиянинг Ленинград вилоятига оммавий ҳужум уюштирди. Бу ҳужум Петербург халқаро иқтисодий форуми (ПХИФ) очилишидан бир неча соат олдин содир бўлди.

Ленинград вилояти губернатори Александр Дрозденконинг маълум қилишича, ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари вилоят ҳудудида 30 та учувчисиз учиш аппаратини йўқ қилган. У дронлар қаерда уриб туширилганига аниқлик киритмаган. Украина томони ҳозирча мазкур ҳужум юзасидан расмий изоҳ бермаган.

ПХИФ дастурига кўра, форумнинг илк тадбирлари 3 июнь куни соат 10:00 да бошланиши керак. Анжуман Санкт-Петербург жанубида жойлашган «Экспофорум» мажмуасида ўтказилмоқда. Россия президенти Владимир Путиннинг форумдаги асосий чиқиши 5 июнга режалаштирилган. Форумда Германия делегацияси иштирок этиши ҳам кутилмоқда.

Шу билан бирга, Украина президенти Володимир Зеленский бир кун аввал Россия армияси Украина шаҳарларига яна йирик ракета ва дрон ҳужуми уюштириши мумкинлигидан огоҳлантирган эди. Ундан олдинги тунги ҳужумлар натижасида 20 дан ортиқ киши ҳалок бўлган, юздан зиёд одам жароҳатланган. Энг катта талафотлар Киев ва Днипро шаҳарларида қайд этилган.

Украина Ҳаво кучлари маълумотига кўра, 3 июнь тунги соатларида мамлакат осмонида Россияга тегишли айрим дронлар кузатилган, аммо ҳозирча кенг кўламли ҳужум ҳақида хабар берилмаган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид