Жамият | 20:10 / 11.06.2020
7772
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда истеъмолчилар кўпроқ қайси маҳсулотлар сифатидан шикоят қилиши маълум қилинди

Истеъмолчилардан келаётган сифат билан боғлиқ шикоятлар кўп ҳолларда колбаса ва сосиска маҳсулотлари билан боғлиқ бўлмоқда.

© Sputnik / Кирилл Каллиников

«Ўзстандарт» агентлиги аккредитация маркази директори Ансабхон Зокиров Миллий матбуот марказида ўтказилган онлайн матбуот анжуманида Ўзбекистонда маҳсулот сифатини баҳолаш ва уни назорат қилиш билан боғлиқ ишлар ҳақида маълумот берди.

У мувофиқликни баҳолаш идоралари томонидан сифатсиз маҳсулотга сертификат берилиши жавобгарликка тортишга сабаб бўлиши ҳақида таъкидлаб ўтди.

«Амалиётда бундай ҳолатлар ҳам учраб туради. Ноқонунийликка йўл қўйиб, сифатсиз маҳсулотга сертификат берадиган идора учун жавобгарлик белгиланган.

Марказ фаолияти давомида навбатдан ташқари инспекция назорати ўтказиб борилади. Текширув натижасида сертификат берувчи ташкилот фаолияти тўхтатилиши ҳам мумкин», дейди Ансабхон Зокиров.

Аккредитация маркази директорининг маълумот беришича, жорий йилнинг ҳозирги даврига қадар 49та инспекция назорати ўтказилиб, 18та ҳолатда мувофиқликни баҳолаш идоралари фаолият тўхтатилган.

«Сабаби улар маҳсулот сифатини баҳолашда камчиликка йўл қўйган. Уларнинг 4тасида хатолар кўплиги туфайли қайта фаолият кўрсатиши мумкин эмас, деб топилган. Қолганларига эса камчиликлари устида ишлаб, фаолиятини тиклашга рухсат берилган», дея қайд этди Аснабхон Зокиров.

Бундан ташқари, ҳозир истеъмолчилардан келаётган сифат билан боғлиқ шикоятлар кўп ҳолларда колбаса ва сосиска маҳсулотлари билан боғлиқ бўлаётгани ҳақида маълумот берилди.

«Демак, бу соҳада стандарт ва сифат назоратини кучайтириш зарур бўлмоқда. Агар истеъмолчиларнинг колбаса ва сосиска, умуман, бошқа турдаги маҳсулотларнинг сифати ва яроқлилик муддати билан боғлиқ шикоятлари бўлса, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига мурожаат қилишлари лозим», деди агентлик вакили.

Аккредитация маркази директорининг сўзларига кўра, ҳамкорлик 2 тарафлама бўлиши керак: харидор ўзи сотиб олаётган маҳсулотига талабни кучайтириши зарур. Иккинчи томондан эса «Ўзстандарт» агентлиги аккредитация маркази ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ҳамкорликда талабчанлик билан иш олиб бориши лозим.

«Истеъмолчилар маҳсулот сифатига қанчалик талабчан бўлиб, унга эътироз билдирса, бизнинг ишимиз ҳам осонлашади, ноқонунийликка йўл қўйган тадбиркорларга чора кўрилади», деди Аснабхон Зокиров.

Мавзуга оид