Жамият | 13:28 / 30.03.2021
7405
2 дақиқада ўқилади

«Ўзстандарт» техник регламент талабларига жавоб бермаган колбаса ва сосиска маҳсулотлари ҳақида маълумот берди

«MOS PROD TORG» МЧЖ томонидан импорт қилинган ва «Останкинский мясоперерабатывающий комбинат» томонидан ишлаб чиқарилган айрим турдаги колбаса ва сосиска маҳсулотлари озиқлик қиммати (углеводлар миқдори) тўлиқ ёритилмагани, ёрлиғидаги маълумотни ўқиш имконияти мавжуд эмаслиги ва маркировкаси давлат тилида бўлмагани сабабли техник регламент талабларига жавоб бермайди деб топилди.

«Ўзстандарт» агентлиги ҳузуридаги Департамент томонидан «Озиқ-овқат маҳсулотини тамғалаш юзасидан унинг хавфсизлиги тўғрисида»ги умумий техник регламент талабларининг бажарилиши юзасидан текширув ишлари олиб борилди, деб хабар бермоқда агентлик матбуот хизмати.

Пойтахт савдо растасида сотилаётган Россияда ишлаб чиқарилган, «MOS PROD TORG» МЧЖ томонидан республикага импорт қилинган «Останкино-новый стандарт» МЧЖ, «Стародворские колбасы», шунингдек, «Останкинский мясоперерабатывающий комбинат» томонидан ишлаб чиқарилган колбаса ва сосиска маҳсулотлари озиқлик қиммати (углеводлар миқдори) тўлиқ ёритилмагани, ёрлиғидаги маълумотни ўқиш имконияти мавжуд эмаслиги ва маркировкаси давлат тилида бўлмагани аниқланди.

«MOS PROD TORG» МЧЖ номига мувофиқлик сертификатини расмийлаштириб берган сертификатлаштириш идораси масъул ходимларига нисбатан маъмурий чоралар кўрилган.

Аввалроқ агентлик Ўзбекистонга кириб келгани тахмин қилинаётган баъзи маҳсулотлар ҳақида маълумот бериб, улардан фойдаланмасликка чақирган эди. Шунингдек, ёш оналарга «қуролли ўйинчоқлар тўплами» бўйича огоҳлантириш билан чиққан.

Мавзуга оид