Ўзбекистон | 21:22 / 11.06.2020
5220
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда очиладиган Туркия Иқтисодиёт ва технологиялар университети нимаси билан бошқа ўқув юртларидан ажралиб туради?

Жорий йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистонда Туркия Иқтисодиёт ва технологиялар университети филиали ўз фаолиятини бошлайди. 2020-2021-ўқув йилида 200 нафар талаба халқаро тадбиркорлик ва электрон тижорат мутахассисликлари бўйича таълим олиши кўзда тутилмоқда.

Ўзбекистон президентининг 2020 йил февраль ойида Туркияга ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга ошириш ва шу асосда Тошкент шаҳрида Туркия Иқтисодиёт ва технология университети филиалини ташкил этиш белгилаб берилган эди. Шу муносабат билан Ўзбекистон делегациясининг жорий йил 4-7 март кунлари ушбу университетга ташрифи натижасида ҳамкорлик келишуви имзоланганди.

Kun.uz мухбири Тадбиркорлик фаолияти асосларига ўқитиш республика маркази раҳбари Улуғбек Камолиддинов билан Тошкент шаҳрида очилиши кўзда тутилган Туркия Иқтисодиёт ва технология университети филиали ҳақида суҳбатлашди.

- Туркия Иқтисодиёт ва технологиялар университети нафақат Туркияда, балки бутун дунёда бизнес соҳасидаги етакчи университетлардан бири ҳисобланади. У жаҳон рейтингида 35-ўринда. Бундай университетнинг Ўзбекистонга кириб келиши тадбиркорлик соҳасидаги таълим ривожининг янги босқичини англатади. Мазкур университет Ўзбекистон эҳтиёжлари учунгина хизмат қилиб қолмай, бутун Марказий Осиё, жумладан, Афғонистон учун ҳам хабга айланишига умид қиляпмиз. Ана шу мамлакат талабалари мазкур университетда таълим олишлари мумкин.

Фото: Савдо-саноат палатаси

2020-2021 йилдан бошлаб 200 нафар талаба 2та – халқаро тадбиркорлик ва электрон тижорат мутахассисликлари бўйича таълим олиши кўзда тутилмоқда, - деди Улуғбек Камолиддинов.

- Университетнинг расмий очилиши қачон бўлиб ўтади?

- Университетнинг расмий очилиш санаси жорий йилнинг сентябрь ойига режалаштирилган. Дастлаб, айтиб ўтганимдек, 2та йўналиш бўлади. Кейинчалик 6та йўналишга етказиш кўзда тутилган. Жорий йилда 200 нафар талаба бўлса, кейинги 3 йил давомида 1,5 минг нафар талаба таълим олади.

- Ҳужжатларни қабул қилиш жараёнлари ҳақида ҳам маълумот берсангиз.

- Бугунги кунда мазкур масала муҳокама қилиняпти. Ҳукумат қарори лойиҳаси тайёрланган, у ўрнатилган тартибда келишилади. Қарор қабул қилиниши билан умид қиламизки, университет учун қулай шароитлар яратилади.

- Университетда грант, тўлов-шартнома асосида таълим олиш ҳақида ҳам айтиб ўтсангиз.

- Жорий йил сентябрь ойида тадбиркорлик ва бизнес соҳасида бир вақтнинг ўзида 5та олий таълим муассасасининг ишга туширилиши режалаштирилган. Умид қиламизки, ушбу университетларнинг ҳаммаси олий таълим бозорида ўз ўрнини топади. Бунда ушбу универитетларда таълим олиш имкониятига эга бўлиш – асосий масала. Туркиялик ҳамкорларимиз билан ушбу масалани ҳам муҳокама қилдик. Улар бошланғич босқичда ва кейинчалик мазкур университетда таълим олиш нархи Ўзбекистон учун жуда мослаштирилган бўлишига розилик билдиришди. Аслида бу университетда таълим олиш арзон эмас. Кейинчалик кам таъминланган оилалалардан чиққан истеъдодли талабалар учун грантлар дастурини йўлга қўйишни ҳам режалаштиряпмиз.

Фото: Савдо-саноат палатаси

- Университетда таълим олишнинг ўзига хос жиҳатлари нималардан иборат бўлади?

- Университетнинг ўзига хослиги шундан иборатки, бу ерда янгича ёндашувдан фойдаланилади. Таълимнинг модул тизимидан ташқари триместр тизими ҳам қўлланилади. Таълимнинг учдан икки қисми олий таълим муассасида, учдан бир қисми ишлаб чиқаришда ўтади. Бу ерда гап муайян ўқув йилининг сўнгида эмас, вақти-вақти билан бўладиган амалиёт ҳақида кетяпти. Яъни ҳар триместрда талабалар ишлаб чиқаришга юборилади ва бевосита ишлаб чиқариш жойида малака оширишади. Талабалар Ўзбекистоннинг йирик корхоналари ва компанияларида амалиёт ўташади. Бу Ўзбекистонда таълимнинг дуал тизими ривожланишида асос бўлишига умид қиламиз. Ўзлаштириш, самарадорлик бўйича юқори кўрсаткичларга эга талабалар малака ошириш учун Туркия университетлари, корхоналарига йўналтирилади.

- Университетдаги педагог ўқитувчилар таркиби ҳақида ҳам айтиб ўтсангиз.

- Дастлабки босқичда ўқитувчилар таркиби 70 фоиз ўзбек ўқитувчилардан, 30 фоиз турк ўқитувчилардан иборат бўлиши ҳақида келишув мавжуд. Аста-секин нисбат 70 фоиз турк ўқитувчиларидан иборат кўрсаткичга етказилади.

Таълим инглиз тилида олиб борилади. Бироқ иккинчи тил сифатида талабаларга турк ва ўзбек тилларини ўрганиш имконияти берилади.

Бугун бўлиб ўтган видеоконференцияда университет дипломининг ҳам Ўзбекистонда, ҳамТуркияда тан олиниши масаласи ҳам муҳокама қилинди. Умид қиламизки, мувофиқлаштирувчи органлар томонидан мазкур масала юзасидан ижобий жавоб берилади.

- Университетга кириш учун ҳужжатлар топшириш санаси қачон маълум бўлади?

- Ҳукумат қарори қабул қилинганидан кейин 10 кун ичида ҳужжатларни қабул қилиш ҳақида эълон қилинади.

Маълумот учун: Туркия иқтисодиёт ва технология университети 2002 йилда Туркия савдо палаталари ва биржалари уюшмаси томонидан ташкил этилган.

Университет фаолиятининг ўзига хослиги ўқув режаларининг дуал таълимга асосланган уч семестрлик ўқув жараёни ҳисобланиб, таълим олувчиларга 2 семестр давомида назарий билимлар билан бир қаторда 3-семестрда амалий кўникмалар шаклланиши мувозанатлаштирилган. Университетнинг ушбу хусусияти унинг Туркия таълим тизимида алоҳида ўрин тутишини таъминлаган.

Университет “Ёш университетлар: минг йиллик университетлари” рейтингида 32-ўринни эгаллаган.

Гулзода Иброҳимова
Тайёрлаган Гулзода Иброҳимова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид