Ўзбекистон | 09:40 / 11.06.2020
2331
6 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда телекоммуникация хизматларини кўрсатиш қоидалари тасдиқланади

Телекоммуникация хизматларини кўрсатиш қоидалари тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг “Телекоммуникация хизматларини кўрсатиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги буйруғи лойиҳаси эълон қилинди.

Телекоммуникация хизматларини кўрсатиш қоидалари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида телекоммуникация операторлари, провайдерлари, дилерлари ва эшиттирувчилар билан фойдаланувчилар ўртасида телефон алоқаси, таксофонлардан телефон алоқаси, қўриқлаш сигнализацияси аппаратурасини ўрнатиш ва уларга техник хизмат кўрсатиш, ахборот-маълумот, телеграф, маълумотлар узатиш тармоғи, Интернет, жамоат фойдаланиш жойларида Интернет тармоғидан симсиз фойдалана олиш, мобил алоқа, миллий ва халқаро роуминг, кабелли телевидение, эфир телевидение, интерактив телевидение, IPTV ва on-line телевидение хизматларини ташкил қилиш, шунингдек, улардан фойдаланиш, хизматларни кўрсатиш тартиби, шартлари, ҳамда субъектларнинг жавобгарлиги, ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилайди.

Қоидаларнинг амал қилиши қуйидагиларга тааллуқли эмас:

идоравий телекоммуникация тармоқлари томонидан телекоммуникация хизматларини кўрсатишга, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Ҳукумат алоқа хизматининг ажратилган алоқа тармоқларида, шунингдек ички ишлаб чиқариш ва технологик вазифадаги алоқа тармоқларида телеграф хизматларини кўрсатишга, Глобал ҳаракатдаги шахсий йўлдош алоқа тармоқларида роуминг хизматларини кўрсатишга;

телевидение тармоқларига нисбатан:

а) бир ташкилот, ўқув юрти ёки саноат корхонасининг бинолари ёки ҳудудлари билан чекланган кабель, эфир телевидениеси тармоқларига;

б) абонентларнинг умумий сони ўнтадан ошмайдиган кабель, эфир телевидениеси тармоқларига;

г) алоҳида телекоммуникация тармоқларига тааллуқли бўлган ҳамда Ўзбекистон Республикасида давлат бошқаруви, мудофаа, хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартиботни қўриқлаш эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган кабель, эфир телевидениеси тармоқларига;

д) фуқароларнинг шахсий мулки бўлган ва индивидуал қабул қилишни ва эфир телерадиоэшиттириш дастурлари (шахсий эҳтиёжлари учун) тарқатилишини таъминлайдиган кабель, эфир телевидениеси тармоқларига.

Телекоммуникация хизматлари оператор ёки провайдер ва абонент ўртасида тўғридан-тўғри (ёки фақат жисмоний шахслар учун – дилер орқали) ёзма ёки электрон шаклда тузиладиган шартнома асосида тақдим этилади.

Фавқулодда вазиятлар (ҳарбий ҳаракатлар, зилзилалар, сув тошқинлари, ёнғинлар, эпидемиялар ва бошқалар)да телекоммуникациялар соҳасидаги махсус ваколатли орган телекоммуникация тармоқлари ва воситаларидан, Интернетдан жамоат бўлиб фойдаланиш пунктларидан устувор фойдаланиш ҳамда марказлаштирилган бошқариш, шунингдек уларнинг ишлашини чеклаш ёки тўхтатиб қўйиш ҳуқуқига эга.

Телекоммуникация тармоғига Миллий сертификатлаштириш органи томонидан аккредитация қилинган сертификатлаштириш органи томонидан берилган мувофиқлик сертификатига эга бўлмаган абонент қурилмасини улашга йўл қўйилмайди.

Мобил алоқа тармоғи абонент қурилмаси IMEI-коди ўрнатилган тартибда рўйхатдан ўтган бўлиши керак.

Телекоммуникация оператор, провайдер, дилер ва эшиттирувчилар томонидан маълумот хизматлари ташкил қилиниши керак, бу хизматлар функцияларига фойдаланувчиларга қуйидагилар тўғрисида бепул асосда асосий маълумот берувчи ахборотни тақдим этиш киради:

а) телекоммуникациялар тармоғидан фойдалана олиш тартиби тўғрисида;

б) телекоммуникациялар тармоғидан фойдалана олишни тақдим этиш нархи тўғрисида;

в) телекоммуникация хизматларини кўрсатиш шартномасини тузиш тартиби тўғрисида;

г) телекоммуникация оператори/провайдери томонидан кўрсатиладиган хизматлар ва уларнинг нархи тўғрисида;

д) мобил алоқа хизматларига тарифлар ва уларни алмаштириш имкониятлари тўғрисида ахборот бериш;

е) бепул кўрсатиладиган ахборот-маълумот хизматлари тўғрисида;

ж) телекоммуникация оператори (унинг филиаллари), провайдери, дилери жойлашган жойи ва иш режими тўғрисида;

з) абонент шахсий ҳисоб рақамининг ҳолати тўғрисида (ҳисобдаги пул маблағларининг қолдиғи, имтиёзли дақиқалар қолдиғи, ҳисобот давридаги маълумотлар, тўлаш учун ҳисобни тақдим этиш) ахборот бериш;

и) операторнинг мобил алоқа тармоғининг хизмат кўрсатиш зонаси тўғрисида ахборот бериш;

к) телекоммуникациялар соҳасида махсус ваколатли орган ҳужжатларига асосан бошқа зарур маълумотлар.

Қўшимча равишда мобил алоқа оператори томонидан кўрсатиладиган бепул ахборот-маълумот хизматларига қуйидагилар киради:

а) абонентдан техник носозликлар, SIM-карта ёки абонент қурилмаси йўқолганлиги (SIM-картадан фойдаланиш кўзда тутилмаган мобил алоқа стандартлари учун), абонентнинг шахсий маълумотлари ўзгарганлиги тўғрисидаги ахборотни қабул қилиш;

б) мобил алоқа тармоқларида абонент қурилмасидан фойдаланиш имконияти тўғрисида ахборот бериш;

в) мобил алоқа тармоқларининг операторлари тўғрисида – роуминг хизматларини тақдим этиш бўйича шериклар тўғрисида ахборот бериш.

Операторлар ва провайдерлар телекоммуникация тармоқлари орқали узатиладиган телефон сўзлашувлари ва бошқа хабарлар, шунингдек уларга тааллуқли бўлган барча маълумотлар сир тутилишига риоя қилишга мажбур.

Телефон сўзлашувларини эшитиш, телекоммуникация тармоқлари орқали узатилаётган хабарлар билан танишиш, улар тўғрисидаги маълумотлар олишга, шунингдек сўзлашувлар ва хабарлар сирларига доир бошқа чекланишларга фақат қонун билан белгиланган ҳолларда ва тартибда йўл қўйилади.

Телекоммуникация операторлари, провайдерлари ва дилерлари хизмат мажбуриятларини бажаришлари давомида уларга маълум бўлган абонентлар тўғрисидаги маълумотларни абонентнинг розилигисиз учинчи шахсларга бериш ёки тарқатишга ҳақли эмас, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Абонент тўғрисидаги маълумотларга қуйидагилар киради: абонент – жисмоний шахснинг фамилияси, исми-шарифи, ЖШШИР, абонент – юридик шахс ходимларининг шахсий маълумотлари; абонент манзили ёки охирги (терминал ускуна) ўрнатиладиган манзил, абонентни ва унинг охирги (терминал) ускунасини айнан идентификациялаш имконини берадиган тахаллуси, абонент рақамлари ва бошқа маълумотлар.

Телекоммуникация операторлари ва провайдерлари томонидан яратилган ва абонентлар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган маълумотлар базалари конфиденциал тусдаги ҳужжатлар сифатида ҳимояланиши керак.

Абонентлар тўғрисидаги маълумотлардан бу абонентларнинг розилигисиз ахборот-маълумот хизмат кўрсатилиши учун фойдаланиш мумкин эмас.

Абонент шартномаси бекор қилинганидан сўнг, оператор ва провайдерлар маълумотлар базасидан абонентларнинг шахсий маълумотларини қонунчиликда белгиланган тартибда йўқ қилишлари шарт.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид