Ўзбекистон | 09:59 / 11.06.2020
1774
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда «Евросиё» халқаро театр санъати фестивали ўтказилади

Халқаро театр санъати фестивалини ўтказиш режалаштирилмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг “Халқаро театр санъати фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Театр арбоблари уюшмаси ва соҳа вакилларининг “Евросиё” Халқаро театр санъати фестивали”ни 2022 йилдан бошлаб икки йилда бир марта Тошкент шаҳрида ўтказиш юзасидан таклифлари маъқулланади.

Қуйидагилар:

фестивални ташкил этиш ва ўтказиш бўйича Ташкилий қўмита таркиби;

фестивални ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланади.

Ташкилий қўмита бир ой муддатда фестивалга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга қаратилган чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Театр Арбоблари уюшмаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси:

фестиваль ўтказиладиган йилнинг 1 мартига қадар хорижий давлатлардан иштирок этадиган театрлар жамоалари рўйхатини шакллантиради;

фестивалда намойиш этиладиган спектаклларни саралаш ишларини амалга оширади;

фестиваль ўтказиладиган йилнинг 1 апрелига қадар фестивалнинг очилиш ва ёпилиш маросимлари сценарий ва бадиий дастурларини тайёрлайди;

фестиваль ўтказиладиган йилнинг 1 майига қадар фестиваль доирасида ўтказиладиган илмий-амалий конференцияда хорижий давлатлардан иштирок этадиган театршунос ва санъатшунос олимлар, таниқли санъаткорлар, етук мутахассислар ва фахрий меҳмонлар рўйхатини шакллантиради;

фестиваль ўтказиладиган йилнинг 1 сентябрига қадар илмий-амалий конференция материаллари тўпламини нашрга тайёрлайди ва чоп этади.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги фестивалга ташриф буюрувчи хорижий иштирокчилар ва меҳмонлар учун Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг виза талабномаларига биноан Ўзбекистон Республикасига кириш визаларини белгиланган тартибда консуллик ва бошқа йиғимларни ундирмасдан расмийлаштирилишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Божхона давлат қўмитаси фестивалда иштирок этувчи хорижий театрларнинг саҳна асари билан боғлиқ декорациялари ва техник жиҳозларини Ўзбекистонга олиб кирилиши ва олиб чиқилишида қисқа муддатда божхона тўловларисиз расмийлаштирилишини таъминлайди.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси:

Маданият вазирлигининг талабномасига кўра фестиваль қатнашчилари ва меҳмонлар учун олдиндан меҳмонхоналардан жой банд (бронь) қилиш;

Фестиваль доирасида ташкил этиладиган маданий тадбирлар тўғрисидаги маълумотларни туристик ташкилотларни олдиндан хабардор қилиш ва хорижий сайёҳлар иштирокини таъминлаш;

Фестивалнинг маҳаллий, хорижий иштирокчилари ва меҳмонларига Тошкент шаҳрида жойлашган меҳмонхона хизматларини 50 фоизгача чегирма билан ташкил этишни амалга ошириш чораларини кўради.

Фестивални ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ сарф-харажатлар Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган ва тасдиқланган смета асосида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси маблағлари, ҳомийлик хайриялари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид