Жаҳонгир Ортиқхўжаев: Яқин икки йилда Ўзбекистонга катта инвестиция оқими кутиляпти
Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Tashkent City каби халқаро ишбилармонлик марказларига ўхшаш йирик лойиҳаларни амалга ошириш учун инвесторлар консорциумини яратиш таклифини билдирди. Бу ҳақда у Business City дирекцияси жамоаси ҳамда Cushman & Wakefield Russia жамоаси иштирокида ўтказилган онлайн мулоқотда маълум қилган.
13 июнь куни ўтказилган мулоқот давомида Ўзбекистон пойтахтининг ривожланиш тенденциялари ҳамда истиқболли тараққиётига хизмат қилувчи омиллар муҳокама қилинган.
Анжуман аввалида Жаҳонгир Ортиқхўжаев Тошкентда деярли барча соҳаларда изчил ўсиш кузатилаётгани, ҳатто пандемия шароитида ҳам давлат ва ҳукумат даражасида кўрилган чоралар сабаб иқтисодий йўқотишлар кузатилмагани, балки ўсиш темпи давом этаётганини таъкидлаб ўтган.
Шунингдек, ҳоким Тошкент ўзини ўзи яккалаш борасида намунали шаҳарлардан деб топилганлигини, бу эса карантин талаби ва қоидаларини тўғри тушуниб, унга керакли даражада амал қилган фуқаролар ҳиссаси эканлигини қайд этган.
Жаҳонгир Ортиқхўжаев ривожланаётган шаҳарлар учун инвестициялар ниҳоятда муҳимлигига эътибор қаратиб, яқин 2 йилда яна йирик инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш кутилаётганини билдирди ва Инвесторлар консорциумини яратиш вақти келганлигини маълум қилди.
«Фикримча, Ўзбекистонда йирик лойиҳаларни амалга ошириш вақти келди. Нуқтаи назаримча, инвесторлар учун консорциум яратиш ва битта йирик лойиҳага кириш фойдали бўлади. Икки йил олдин Президент Tashkent City’ни қуриш вазифасини қўйганди – бу вақт ичида биз янги шаҳар яратдик. Лойиҳанинг биринчи босқичи якунланди. Ўйлайманки, бу жуда омадли лойиҳа бўлди. Шу каби лойиҳаларни амалга ошириш учун Инвесторлар консорциумини яратиш ва ҳокимият бунга бор кучини сарфлаши керак», дейди у.
Жаҳонгир Ортиқхўжаев инвесторларга йиллик 18-26 фоизли даромадларни ваъда қилди.
«Кўплаб давлатларда инвестор потенциал даромад ҳақида аниқ ҳисоб-китобга эга бўлмайди. Аммо мен сизларга очиқ айтаман, Тошкентда инвестор тиккан пулининг 18 фоиздан 25-26 фоизигача фойда кўради. Агарда кимдир «сен 40-100 фоиз атрофида фойда кўрасан», деса бу нотўғри маълумот. Бизда 18-26 фоиз даромад келтирадиган 11 миллиард долларлик лойиҳаларимиз бор. Бу 100 фоиз кафолатланган», дейди ҳоким.
Шунингдек, анжуманда Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Шароф Раҳмонов сўзга чиқиб, Тошкент шаҳри иқтисодиётининг ўсиш суръати, амалга оширилаётган инвестициявий лойиҳалар, ижтимоий ҳаёт борасида маълумот бериб ўтди.
Хусусан, 2020 йилнинг биринчи чорагида шаҳарда хорижий инвестиция асосида 407та корхона ташкил этилганлигини қайд этди. Айни пайтда Германия, Ҳиндистон, Озарбайжон, Украина ва Афғонистон инвесторлари ҳамкорликка қизиқиш билдираётганлигини қайд этиб, халқаро ҳамкорликнинг истиқболлари ҳақидаги фикрлари билан бўлишди.
Мавзуга оид
08:10
Ўзбекистонга Саудия компанияларининг қарийб 2,5 млрд долларлик инвестициялари жалб этилади
20:55 / 02.11.2024
Ўзбекистонда электр энергияси ва метан гази олиш учун 8 та чиқинди ёқиш заводи, 1 та чиқинди полигони қурилади
21:16 / 31.10.2024
Президент Навоий вилоятида йирик ва стратегик лойиҳалар билан танишди
22:46 / 26.10.2024