Жаҳон | 23:42 / 12.06.2020
7187
2 дақиқада ўқилади

Нью-Йоркда қўлга олиш чоғида бўғиш усулидан фойдаланганлик учун жиноий жавобгарлик жорий этилди

Нью-Йорк штати губернатори Эндрю Куомо полициянинг ҳаракатлари устидан назоратни кучайтирувчи қонунларни имзолади.

Фото: Getty Images

Нью-Йорк ҳукумати афроамерикалик Жорж Флойднинг ўлимидан кейин авж олган норозиликлардан сўнг полиция фаолиятига ўзгартириш киритишга қарор қилди. 

Душанба куни Нью-Йорк штати қонунчилик мажлисининг қуйи палатаси 2014 йилда полиция томонидан қўлга олиш чоғида ҳалок бўлган Эрик Гарнер номи билан аталувчи қонун лойиҳаси учун овоз берди. У полиция ходимининг бўғиш усулидан фойдаланиши оқибатида ҳаётдан кўз юмганди. Қонун аввалроқ парламентнинг юқори палатаси томонидан қабул қилинганди. 

Ушбу қонунга кўра, полиция ходимининг оғир оқибатларга олиб келувчи бўғиш усулидан фойдаланиши жиноят деб баҳоланади.

Полиция ходими бу жиноят учун 15 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Губернатор имзолаган иккинчи қонун эса полиция ходимлари ҳақидаги интизомий қайдларнинг сир сақланиши кўзда тутилган 1970 йилдан буён амал қилиб келаётган қонунни бекор қилади. Ўша даврда мазкур қонун адвокатларнинг полициячиларнинг интизомий ҳаракатлари тўғрисидаги маълумотлардан фойдаланишига йўл қўймаслик учун қабул қилинганди.

Эслатиб ўтамиз, май ойи охирида Жорж Флойднинг полициячи томонидан ҳалок бўлиши АҚШда кўплаб норозилик ва тартибсизликлар келиб чиқишига сабаб бўлди. Намойишчилар ирқчиликка барҳам бериш ва полиция ислоҳотини ўтказишни талаб қилди.

Мавзуга оид