Жаҳон | 16:17 / 29.01.2026
3620
3 дақиқада ўқилади

Россия ИИВ: полицияда кадрлар етишмовчилиги 40 фоизгача етмоқда

Россия Ички ишлар вазирлиги ҳар куни ишдан бўшашлар сабаб ходимларини йўқотмоқда, айрим бўлинмаларда кадрлар танқислиги 40 фоизгача етган. Бу ҳақда Россия Давлат думасида чоршанба, 28 январ куни ИИВ раҳбари ўринбосари Игор Зубов маълум қилди. 

Фото: vedomosti.ru

Унинг айтишича, полицияда хизмат нуфузи пасайган, бозор шароитида маош ва ижтимоий кафолатлар ходимлар кутган даражага тўғри келмаяпти. Зубов таъкидлашича, янги кадрлар оқими мавжуд бўшлиқни қопламаяпти.

У, шунингдек, ҳокимият ИИВ ходимлари маошини оширишни режалаштираётганини, аммо бу “катта бўлмаслиги”ни билдирди.

Россия ИИВда кадрлар етишмаслиги муаммоси илк бор кўтарилаётгани йўқ. 2025 йил март ойида вазир Владимир Колоколцев 170 минг нафардан ортиқ ходим етишмаётганини айтган.

ИИВ тақдимотига кўра, ўша пайтда аттестациядан ўтган таркибдаги етишмовчилик қуйидагича бўлган: жиноят қидирувида — 23,9 фоиз, патрул-пост хизматида — 31,4 фоиз, гиёҳванд моддалар муомаласини назорат қилувчи бўлинмаларда — 24,7 фоиз, дастлабки тергов органларида — 22,7 фоиз.

Колоколцев 2024 йил давомида тажрибали полиция ходимларининг қарийб ярми хизматдан кетганини ҳам билдирган.

ИИВ вазири сўзларига кўра, ишдан кетганлар орасида бўлинма бошлиқлари ҳам бўлган — улар қўл остидагиларга тегишли таътилларни бермагани, бу эса жамоада кескинликнинг ошишига олиб келгани таъкидланган.

Россия президенти Владимир Путин қатнашган ИИВ ҳайъатининг кенгайтирилган йиғилишида Колоколцев умумий кадрлар танқислигини 172 минг киши деб баҳолаган. Ўшанда Путин ИИВ ходимларининг пул таъминотини яхшилаш, жумладан полициячиларни уй-жой билан таъминлашни топширган.

Полиция ходимлари касаба уюшмаси раҳбари Михаил Пашкин эса вазир ўринбосари сўзларини НСН агентлигига изоҳлар экан, оммавий кетишга фақат маош пастлиги эмас, балки раҳбарлар томонидан таҳқирловчи муносабат ҳам сабаб бўлаётганини айтган.

Пашкин айрим бўлинмаларда кадрлар танқислиги 40 фоизгача етаётганини тасдиқлади, аммо тез орада бу кўрсаткич 50 фоизга ҳам чиқиши мумкинлигини қўшимча қилди. “Нормал раҳбарлар бўлса, одамлар паст маошда ҳам кетмайди. Лекин тизим нормал раҳбарларни ҳайдайди, чунки улар режа кўрсаткичларини бажармайди: бунинг учун ходимларни мукофотдан маҳрум қилиш керак бўлади, улар эса бундай қилмайди. Тизим, аслида, ўзини ўзи йўқ қиляпти”, — деди у.

Оммавий ишдан кетишларга қарамай, Россия аҳоли жон бошига тўғри келадиган полициячилар сони бўйича етакчи давлатлардан бири бўлиб қолмоқда. 2024 йилда 100 минг аҳолига 643 нафар ИИВ ходими тўғри келган.

Таққослаш учун: АҚШда бу кўрсаткич 256, Хитойда 120, Ҳиндистонда 128, ЕИ мамлакатларида эса ўртача тахминан 335 полициячи 100 минг аҳолига тўғри келади.

Президент фармонига кўра, ИИВнинг энг юқори штат сони 2025 йилда 938 минг киши бўлиши керак эди (2023 йилда 922 минг эди). “ГородРабот” сервиси маълумотларига кўра, Россияда 2025 йил давомида полициячининг ўртача маоши 50 минг рублдан бироз юқори, Москвада ўртача 88,5 минг рубл, Санкт-Петербургда — 72,7 минг рубл.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид