Ўзбекистон | 17:48 / 12.06.2020
57451
3 дақиқада ўқилади

Сергелида такси ҳайдовчисида вирус аниқланган, Юнусободдаги бозор сотувчилари касалликка чалинмоқда

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 11-12 июнь кунлари аҳоли орасида касалликка чалиниш ҳолатлари бўйича қўшимча маълумотларни тақдим этди. Маълум қилинишича, Юнусобод деҳқон бозори коронавирус тарқалиши ўчоғига айланган, «Медиа парк» савдо мажмуаси сотувчиларида вирус чиқиши давом этмоқда, Сергелидаги такси ҳайдовчиси ва унинг қариндошлари ҳам коронавирусга чалинган.

11 июнь куни аҳоли орасида 39та ҳолат, бугун эса ҳозирча 21та ҳолат қайд этилди.

«10 июнь санасида юртимизда коронавирус инфекцияси тасдиқланган 103 нафар беморнинг 27 нафари аҳоли орасида аниқланган бўлса, 11 июнь куни эса коронавирус қайд этилган 118 нафар бемордан 39 нафари аҳоли орасида тасдиқланди. Икки кунлик маълумот, ҳам умумий касалланиш, ҳам аҳоли орасида коронавирусга чалиниш ҳолатлари динамикасида ўсиш кузатилаётганини кўрсатмоқда.

11 июнь куни аҳоли орасида коронавирус аниқланиш ҳолатларини ҳудудлар кесимида кўрадиган бўлсак, Навоий вилоятида 18 нафар, Тошкент шаҳрида 17 нафар, Наманган вилоятида 3 нафар ҳамда Тошкент вилоятида 1 нафарни ташкил этган», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Маълум қилинишича, 11 июнь куни Тошкент шаҳри Чилонзор туманида яшовчи фуқарода (ишга кириш мақсадида таҳлилдан ўтган), Шайхонтоҳур туманидаги «Медиа парк» савдо мажмуасининг яна бир сотувчисида, Юнусобод деҳқон бозорининг яна 6 нафар сотувчисида, Сергели туманида касаллиги тасдиқланган такси ҳайдовчисининг отаси ва укасида коронавирус аниқланган.

Бугун соат 10:00га қадар касаллик аниқланган 78 нафар бемордан 7 нафари аҳоли орасида қайд этилган. Жумладан, Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида яшовчи фуқаро (тана ҳарорати кўтарилиб, шифохонага мурожаат қилган), Жондор туманида яшовчи фуқарода (шу тумандаги «ВЕТ-ФАРМ» МЧЖ сотувчиси) ҳамда Вобкент туманида яшовчи фуқарода (тана ҳарорати кўтарилгани сабабли таҳлил топширган), шунингдек, Самарқанд вилояти Ургут туманида яшовчи 2 нафар фуқарода ҳам коронавирус инфекцияси тасдиқланган. Айни пайтда ушбу ҳолатлар юзасидан эпидемиологик суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

«Гувоҳи бўлганингиздек, юртимизнинг турли ҳудудларида аҳоли орасида коронавирус инфекциясига чалиниш ҳолатлари кузатилмоқда.

Мазкур ҳолатда, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, такрор бўлса-да, аҳолини ҳар қадамда ҳушёр ва огоҳ бўлишларини, ҳар биримизга ёд бўлиб кетган карантин ва санитария қоидаларига қатъий амал қилишларини сўрайди. 

Коронавирус инфекциясига қарши асосий қалқонимиз, айнан, карантин қоидаларига сўзсиз амал қилиш эканини асло унутмаслигимиз керак.

Шу боис, ижтимоий масофа сақланг, қўлларни яхшилаб қайта-қайта ювинг, зарурат юзасидан кўчага чиққанда ниқоб тақишни асло унутманг», дейилади хабарда.

Мавзуга оид