ХМТ бош директори билан Муносиб меҳнат бўйича янги дастурни ишлаб чиқишга келишиб олинди
Бугун, 12 июнь куни Олий Мажлис Сенати раиси, Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси раиси Танзила Норбоева ҳамда Халқаро меҳнат ташкилоти бош директори Г.Райдер иштирокидаги видеоконференция тарзида учрашув бўлиб ўтди.
Унда тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддилари ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Видеоконференцияда Ўзбекистоннинг пандемия шароитида аҳолини ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш борасидаги тажрибаси тўғрисида сўз юритилди. Бундан ташқари, ХМТнинг конвенцияларини имплементация қилиш борасидаги ишлар ҳамда ушбу ташкилот бош директорининг Ўзбекистонга ташрифи давомида эришилган келишувларнинг ижроси муҳокама қилинди.
Видеоконференцияда Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева Ўзбекистонда бу борада олиб борилаётган ишларга батафсил тўхталди. Хусусан, пандемия оқибатида келиб чиқадиган глобал инқирознинг таъсирини юмшатиш, аҳоли даромадларини сақлаб қолиш, корхоналарнинг барқарор фаолият юритишини таъминлаш борасида муҳим чоралар кўрилаётганига урғу берди.
Танзила Норбоеванинг сўзларига кўра, ҳозирда ХМТнинг тавсиялари асосида жорий йил октябрь ойига қадар яшаш минимуми ва минимал истеъмол саватчасининг ҳуқуқий асослари ишлаб чиқилмоқда.
“Президентимиз томонидан пандемиянинг аҳоли турмуш тарзи ва иқтисодиёт тармоқларига таъсирини юмшатишга оид 17 та фармон ва қарорлар қабул қилинди. Бу ҳужжатлар аҳоли бандлиги ва ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, бизнесни қўллаб-қувватлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Ўзбекистон томонидан қабул қилинаётган инқирозга қарши чоралар ХМТнинг пандемияга қарши тўртта асосий тамойилига тўла мос келишини ҳам алоҳида қайд этиш мақсадга мувофиқ.
Шунингдек, 2020 йилдан бошлаб пахта етиштириш ва сотиш бўйича давлат буюртмаси бекор қилинди. Бу бизга пахта етиштиришда босқичма-босқич бозор муносабатларига ўтиш ва мажбурий меҳнатдан фойдаланишга кўмаклашувчи муҳим омилларни бартараф этиш имконини беради.
Албатта, ҳали мажбурий меҳнатга тўлиқ барҳам бериш, миллий қонунчилигимизни халқаро стандартларга мослаштириш борасида ишларимиз кўп. ХМТ билан яқин ҳамкорликда мамлакатимизда халқаро меҳнат стандартларини амалиётга татбиқ этиш ишларини давом эттирамиз”, деди Сенат раиси.
Видеомулоқотда қайд этилганидек, жорий йилда биринчи маротаба Миллий маърузачи томонидан ушбу йўналишда амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, Ўзбекистон президентига ахборот берилди.
Бундан ташқари, тадбирда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси раиси, Савдо-саноат палатаси раисининг мазкур йўналишдаги фаолияти юзасидан ахборотлари эшитилди.
Видеомулоқотда ХМТ бош директори Ўзбекистонда пандемия оқибатида келиб чиқадиган глобал инқирознинг таъсирини юмшатиш, аҳоли даромадларини сақлаб қолиш, бандлигини таъминлаш ва муносиб меҳнат шароитларини яратиш борасида кенг кўламли ва самарали ишлар олиб борилаётганлигини алоҳида эътироф этди. Шу билан бирга, бу борадаги ишларнинг самарадорлигини янада ошириш бўйича таклиф ва тавсияларини билдирди.
Шунингдек, онлайн учрашувда икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида 2021-2023 йилларга мўлжалланган Муносиб меҳнат бўйича янги Мамлакат дастурини ишлаб чиқишга келишиб олинди.
Мавзуга оид
20:31 / 27.10.2024
Танзила Норбоева набираси билан бирга сайловда овоз берди
16:50 / 25.10.2024
Сенат раиси ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси раҳбари билан учрашди
16:33 / 25.10.2024
Танзила Норбоева МДҲ Парламентлараро ассамблеяси делегациясини қабул қилди
15:55 / 24.10.2024