Ўзбекистон | 16:10 / 14.06.2020
19882
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг айрим ҳудудлари ўртасида поезд қатновига рухсат берилди

Республика махсус комиссияси қарорига кўра, Ўзбекистоннинг айрим ҳудудлари ўртасида поездлар қатнови қайта тикланади, Тошкентдан Самарқандга «Афросиёб» поезди қатнай бошлайди.

Ўзбекистонда фуқароларга қулайликлар яратиб бериш мақсадида Республикада эпидемиологик вазиятдан келиб чиққан ҳолда «сариқ» ва «яшил» тоифаларга ажратилган ҳудудлар ўртасида санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя этган ҳолда қуйидаги поездлар тикланишига рухсат берилди:

  • Тошкент - Бухоро - Тошкент;
  • Тошкент - Термиз - Тошкент;
  • Тошкент - Хива - Тошкент;
  • Тошкент - Нукус - Тошкент;
  • Андижон - Хива - Андижон;
  • Андижон - Бухоро - Андижон;
  • Андижон - Термиз - Андижон.

Бунда, Транспорт вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги билан биргаликда ҳудудлардаги эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб поездлар қатнов режасини белгилаб боради.

Шунингдек, Тошкент-Самарқанд-Тошкент йўналиши бўйича санитария-эпидемиологик талабларга қатъий риоя этган ҳолда «Афросиёб» поездларининг қатновлари йўлга қўйилишига рухсат берилди.

Юқоридагилар билан бир қаторда автотранспорт воситаларида ёлғиз ҳаракатланаётган ҳайдовчига тиббий ниқобдан фойдаланмасликка рухсат берилди.

  • Эслатиб ўтамиз, «Ўзбекистон темир йўллари» 23 март куни республика бўйлаб йўловчи ташиш фаолиятини тўхтатганди.
  • 18 май кунидан Тошкент шаҳридан Навоий, Бухоро, Қарши шаҳарларига «Афросиёб» тезюрар поезди ҳамда Фарғона водийсига темир йўл қатнови (бориш ва қайтиш) қайта йўлга қўйилганди.

Мавзуга оид