Путин: «Россия коронавирус эпидемиясидан минимал йўқотишлар билан чиқмоқда, АҚШ эса бундай эмас»
Россия коронавирус эпидемиясидан «минимал йўқотишлар» билан чиқмоқда. Бу ҳақда мамлакат президенти Владимир Путин «Москва, Кремль, Путин» махсус дастури учун берган интервьюсида гапириб ўтган. Дастур муаллифи Павел Зарубин Путин билан интервьюни инстаграм саҳифасига жойлади.
«Муайян харажатлар, муаммолар ва турли йўқотишларга қарамай, биз барчасини ўз назоратимизда сақлаб қола олдик. Демак, ишлаяпмиз ва коронавирус билан боғлиқ вазиятдан нисбатан кам йўқотишлар билан чиқамиз», деган Путин.
Путиннинг қўшимча қилишича, АҚШ коронавирус сабаб катта йўқотишларга учрамоқда ва бу бошқарув тизимига ҳам боғлиқ.
«Мен ҳукуматимизда ёки минтақаларимизда кимдир «Биз ҳукумат ёки президент айтганини қилмаймиз», деганига шубҳа қиламан. [АҚШда эса] президент «Мана буни бундай қилиш керак», дейди. Губернаторлар эса унга қарата «Бор йўқол» дейишади ва ўз билганларини қилишади», дея Путиннинг сўзларини келтирган «Медуза».
Путин АҚШда бўлиб ўтаётган норозиликларга изоҳ берар экан, уларни «чуқур ички инқирозлар» деб атаган. У шунингдек, Трампнинг ҳукуматга келиши масаласига яна бир марта тўхталган.
«Биз амалдаги президент ҳокимият тепасига келганидан буён уни кузатиб келмоқдамиз. У демократик йўл билан ғалаба қозонди ва ютқазган томон унинг қонуний сайланганини шубҳа остига қўйиш учун ҳар хил уйдирмаларни ўйлаб топишди», деган Путин.
Маълумот учун, АҚШ Covid-19 юқтирганлар сони бўйича дунёда биринчи ўринда турибди (2,14 миллион). Россия эса бу борада учинчи ўринда (528 минг). Вафот этганлар сони АҚШда 117 мингдан ошган бўлса, Россияда 7 мингга яқин одам вирус қурбонига айланган.
Мавзуга оид
20:43 / 13.11.2024
«Мосфильм» киностудияси ўз омборидаги танкларни Россия армиясига топширди
22:15 / 12.11.2024
ОАВ: Путин Трампнинг инаугурациясигача Курскни қайтаришни буюрди
13:11 / 12.11.2024
Сиёсатшунос Галлямов: Трамп Путин учун тузоқ қўймоқда
09:58 / 12.11.2024