Ўзбекистон | 18:14 / 15.06.2020
15636
1 дақиқада ўқилади

Олий ҳарбий таълим муассасаларига танлов тадбирлари қисқартирилади. Имтиҳонлар август ойида ўтказилади

Олий ҳарбий таълим муассасаларига қабул тартиби маълум қилинди. Энди ҳарбий ОТМларга ҳам тест синовлари август ойида ўтказилади, ҳарбий ОТМга ҳужжат топширган абитуриентларга 5тагача йўналишни танлаш ҳуқуқи берилади.

Бош вазирнинг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Беҳзод Мусаев 2020-2021 ўқув йили учун олий ҳарбий таълим муассасаларига қабул жараёнларида бўладиган ўзгаришлар ҳақида маълумот берди.

Унга кўра, олий ҳарбий таълим муассасаларига танлов тадбирлари жорий йилда истисно тарзида қисқартирилмоқда.

«Дастлабки танлаш тадбирлари туманларнинг ўзида июнь-июль ойларида ўтказилади. Тиббий кўрик жараёнлари икки марта – туманда ва вилоятда ўтказилади. Ҳарбий-профессионал танлов тадбирлари бекор қилинади.

Тест синовлари бошқа ОТМлар билан бирга август ойида ўтказилади», деди бош вазир ўринбосари.

Шунингдек, бу йил олий ҳарбий таълим муассасаларига кириш учун ҳужжат топширган абитуриентлар ҳам 5та таълим йўналишини танлаши мумкин бўлади.

Фото: АОКА

Бундан аввалроқ, ҳарбий касбий танлов жорий йилнинг 1 июнидан 25 июнигача, тест имтиҳонлари эса 5 июль куни ўтказилиши ҳақида хабар қилинганди.

Саодат Абдураҳмонова
Тайёрлаган Саодат Абдураҳмонова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид