Жаҳон | 22:09 / 16.06.2020
3320
1 дақиқада ўқилади

2021 йилги “Оскар” кинотақдимоти пандемия сабабли кечроқ муддатга кўчирилди

АҚШ киноакадемияси 93-сонли “Оскар” кинотақдимоти ўтказилишини 2021 йил 28 февралдан 25 апрелга кўчирди.

Фото: Matt Sayles / Invision / AP

Шунингдек, киноакадемия музейининг омма учун 2020 йил декабрга режалаштирилган очилиши 2021 йил 30 апрелга кўчирилган.

Ушбу ўзгаришлар коронавирус пандемияси ва АҚШда қабул қилинган карантин чоралари сабабли қабул қилинган. Чекловлар сабабли кўплаб кинокомпаниялар ўз фильмларини аввал белгиланган муддатларда чиқаришга улгурмаяпти. Шу сабабли киноакадемия “Оскар”га аризалар қабул қилиниши якунланиши муддатини ҳам ўзгартирган.

Апрель охирида киноакадемия пандемия вақтида кинотеатрлар ёпиқ бўлгани сабабли онлайн намойиш қилинган фильмларни танлашга рухсат беришини эълон қилган. Бундай қарор “Оскар”нинг бутун тарихи давомида биринчи марта қабул қилинган. Кинотақдимот ташкилотчиларининг таъкидлашича, ушбу қоида кинотеатрлар яна очилгач амал қилиши тугайди. 

Фильмлар танланишида иштирок этиш учун фильм чиққанидан кейин киноакадемиянинг махсус сайтида 60 кун давомида бўлиши ва бошқа мезонларга тўғри келиши лозим.

Мавзуга оид