Кенгашнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳамкорлик бўйича доимий комиссияси мурожаатида айтилишича, филмда қўлланган видеоматериаллар Россиядаги таълим муассасасида унинг ходими томонидан “таълим жараёни доирасида фойдаланиш учун” суратга олинган бўлиб, уларда болалар тасвирлари акс этган. Ҳужжатда таъкидланишича, кейинчалик бу материаллар учинчи шахсларга тижорат мақсадларида берилган ва кенг халқаро миқёсда тарқатилган.
Кенгаш баёнотига кўра, видеоматериаллар ушбу болаларнинг ота-оналари розилигисиз ва “таълим муҳитида дастлаб суратга олинган бундай материаллардан фойдаланишнинг чекланган хусусияти инобатга олинмасдан” ишлатилган. Мурожаат муаллифлари бундай ҳаракатлар БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ҳамда “вояга етмаганлар тасвири мавжуд материаллар билан этик муносабатда бўлишнинг умумэътироф этилган тамойиллари”ни бузишини таъкидламоқда.
Кенгаш аъзолари, шунингдек, Павел Таланкин филмида иштирок этган болаларнинг ота-оналари ва қонуний вакиллари Россиянинг ваколатли органларига мурожаат қилганига ҳам эътибор қаратди. Улар “Оскар” ташкилий қўмитаси ва ЮНЕСКОни филмни ишлаб чиқиш ва тарқатиш жараёнида болалар ҳуқуқларига риоя этилган-этилмаганини текширишга чақирди.
Агар қонунбузарликлар аниқланса, кенгаш фикрича, “ушбу асар академия томонидан мукофот беришда қўлланадиган ахлоқий ва ҳуқуқий стандартларга қанчалик мос келиши масаласини кўриб чиқиш” зарур. Мурожаатда шундай дейилади: “Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ҳуқуқ томонидан тан олинган умуминсоний қадриятдир ва у сиёсий ёки бошқа ҳолатларга боғлиқ бўлиши мумкин эмас”.

Россия мактабларидаги ҳарбий тарғибот ҳақида ҳикоя қилувчи “Жаноб Ҳеч ким Путинга қарши” ҳужжатли филмининг ҳаммуаллифларидан бири собиқ мактаб ўқитувчиси Павел Таланкин бўлган. Филм асосини у 2022 йил февралда Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошланганидан бери Челябинск вилояти Карабаш шаҳридаги мактаблардан бирида суратга олган видеолавҳалар ташкил этган. Таланкиннинг вазифалари қаторига сафланишлар, танловлар ва очиқ дарслар каби тадбирларни тасвирга олиш кирган.
2024 йил ёзида Таланкин икки йил давомида суратга олган материаллари билан мамлакатни тарк этган, шундан сўнг у филмни америкалик режиссёр Дэвид Боренштейн билан биргаликда монтаж қилган.
15 март куни картина Америка киноакадемиясининг “энг яхши ҳужжатли филм” номинациясидаги “Оскар” мукофотига сазовор бўлди. Таланкин Лос-Анжелесдаги тақдирлаш маросимида шундай деди: “Тўрт йилдан бери биз юлдузли осмонга қараб, энг муҳим орзуни тилаймиз. Жуда муҳим орзуни. Аммо шундай мамлакатлар борки, у ерларда осмондан юлдузлар эмас, бомбалар тушади ва дронлар учиб келади. Келажагимиз учун, барча болаларимиз учун келинг, барча урушларни тўхтатайлик. Ҳозир”.
Россия давлат оммавий ахборот воситалари бу мукофот ҳақида хабар бермаган.












