Январ ойи охирида, номзодлар рўйхати эълон қилинганидаёқ ғолиблик учун асосий кураш «Гуноҳкорлар» (16 номинация) ва «Жанг ортидан жанг» (13 номинация) филмлари ўртасида кечиши маълум эди.
Якунда «Жанг ортидан жанг» (One Battle After Another) жами 6 та «Оскар»га сазовор бўлди, булар орасида энг яхши филм ва режиссёрлик учун ғолиблик ҳам бор, «Гуноҳкорлар» эса тўртта номинацияда ғолиб чиқди, жумладан, энг яхши эркак роли учун соврин шу филм ижрочисига берилди.
Пол Томас Андерсон учун узоқ кутилган «Оскар»

Фото: Kevin Winter/Getty Images
«Жанг ортидан жанг» режиссёри Пол Томас Андерсон бунга қадар 14 марта асосий киномукофот учун номзод бўлган, аммо бирор марта ғалабага эришмаганди. Андерсон ўз фаолияти давомида «Буги услубидаги тун», «Магнолия» ва «Нефт» каби филмларни суратга олган, бу филмлар учун кинотанқидчиларнинг юксак мақтовларига ҳамда кўплаб халқаро мукофотларга сазовор бўлганди.
Бу сафар Пол Томас Андерсон бирданига икки статуэткани қўлга киритди – энг яхши режиссёр сифатида ва мослаштирилган сценарий муаллифи сифатида.
Унинг филми – сўл радикал активист (Леонардо ди Каприо) ва ирқчи полковник (Шон Пенн) ўртасидаги қарама-қаршилик орқали ифодаланган ғоялар инқирози ҳақида. Танқидчилар бу картинани Андерсоннинг бошқа бир филми, ўз вақтида «Оскар»га номзод бўлган, аммо ғолиб чиқолмаган «Нефт» филми билан таққослашади.

Бу филмда ирқчи полковник ролини ўйнаган Шон Пенн «Иккинчи пландаги энг яхши эркак актёр» сифатида тақдирланди. Ушбу актёр бунгача «Сирли дарё» (2003) ва «Ҳарви Милк» (2013) филмларидаги ижроси орқали иккита «Оскар» олганди.
«Жанг ортидан жанг» «Энг яхши монтаж» ва «Энг яхши кастинг» номинацияларида ҳам ғолибликни қўлга киритди.
«Гуноҳкорлар» ва «Гамнет»













