Жаҳон | 19:50 / 16.06.2020
30336
2 дақиқада ўқилади

Прокурорлар суддан Атамбоевни 15 йилга озодликдан маҳрум қилишни сўрашди

Алмазбек Атамбоевга нисбатан бир нечта айблов эълон қилинган.

Фото: ТАСС

Айбловчи томон Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбоевни 15 йилга озодликдан маҳрум қилишни сўради. Бу ҳақда криминал авторитет Азиз Батукаевнинг қамоқдан ноқонуний равишда озодликка чиқарилиши тўғрисидаги иш кўрилаётган Бишкекнинг Первомайск райони суди маълум қилди. 

"Прокурорлар ушбу жиноят иши доирасида Атамбоевни 15 йилга озодликдан маҳрум қилишни таклиф этишди", - деди суд девонхонаси ходими.

Батукаев 2006 йилда Бишкек яқинидаги колониялардан бирида оммавий тартибсизликлар уюштиргани учун 16 йил 8 ойга озодликдан маҳрум этилганди. Исён вақтида депутат Тиничбек Акматбаев, жазони ижро этиш бош бошқармаси бошлиғи Икматулла Полотов ва парламентнинг икки ходими ўлдирилганди. Батукаев 2013 йилда қонида саратоннинг сўнгги босқичи аниқлангани тўғрисидаги шифокорлар комиссияси хулосаси асосида озодликка чиқарилганди. У бир неча соатдан кейин янги паспорт олган ва Чеченистонга учиб кетган. Терговнинг тахминига кўра, унинг озод этилишига юқори лавозимли амалдорлар, жумладан собиқ президент Атамбоев ҳам алоқадор.

Қирғизистон махсус хизматлари 7-8 август кунлари Атамбоевнинг уйи жойлашган Қўй-Тош қишлоғида уни қўлга олиш бўйича амалиёт ўтказганди. Амалиёт давомида махсус хизматлар ходимлари Атамбоевнинг тарафдорларига қарши махсус воситалар қўллашган. Собиқ президентнинг тарафдорлари бунга жавобан ўт очишган. Атамбоев тарафдорлари, шунингдек, 6 жангчини гаровга олишган. Натижада бир кунга яқин давом этган тўқнашувлардан кейин Атамбоев таслим бўлишга қарор қилган. Воқеа вақтида 136 киши жабрланган, бир жангчи ҳалок бўлган. 

Айни вақтда Атамбоевга нисбатан бир нечта айблов эълон қилинган. Батукаев иши бўйича ҳукм 22 июнь куни эълон қилинади.

Мавзуга оид