Ўзбекистон | 17:31 / 16.06.2020
56788
3 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистонда ИИБ ходими ниқобсиз таксичига куч ишлатди. Вазирлик муносабат билдирди

Ижтимоий тармоқларда ички ишлар органи ходими ҳамда Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси бир фуқарони мажбурлаб «Газель»га солиб олиб кетишга урингани тасвирланган видео тарқалди. 

Ушбу ҳодиса Қорақалпоғистон Республикаси маркази Нукус шаҳрида рўй берган бўлиб, видеода ички ишлар органи ходими ёш йигитга куч ишлатиб, уни ерга ётқизгани ва бўғаётганини, атрофдаги одамлар эса ҳуқуқ-тартибот ходимларига эътирозларини билдириб, йигитни қутқариб олишга уринаётганини кўриш мумкин.

Ички ишлар вазирлиги ушбу ҳодиса юзасидан муносабат билдирди. Маълум қилинишича, ишчи гуруҳ текшируви вақтида 23 ёшли такси ҳайдовчиси тиббий ниқобини тақмагани ва такси ҳайдовчилари учун белгиланган махсус комбинезон киймагани аниқланган. Айни вақтда унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддалари билан баённома расмийлаштирилган.

Шунингдек, видеода такси ҳайдовчисига куч ишлатган Нукус шаҳар ИИО ФМБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси гуруҳи таянч пункти профилактика инспектори катта лейтенант Р.Бекимбетовнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш юзасидан хизмат текшируви тайинланган.

«Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ ахборот хизматининг хабар беришича, жорий йилнинг 14 июнь куни Нукус шаҳри ҳудудида аҳоли орасида карантин қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш мақсадида Қорақалпоғистон телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария эпидемиологик назорати давлат инспекцияси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими, Миллий Гвардия ҳамда Нукус шаҳар ИИО ФМБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси гуруҳи таянч пункти профилактика инспектори катта лейтенант Р.Бекимбетовлардан иборат гуруҳ, соат 11:30ларда Нукус шаҳри «Х.Абдамбетов» кўчаси бўйидаги «Эски шаҳар» маҳалласи ҳудудидаги автотураргоҳ атрофида текширув ишлари олиб бораётган вақтларида, шу ерда тўхтаб турган, «Матиз» русумли такси автомашинаси ҳайдовчиси, Нукус шаҳрида яшовчи, 1997 йилда туғилган фуқаро У.М.нинг тиббий ниқобини тақмаган ва такси ҳайдовчилари учун белгиланган махсус комбинезон киймаган ҳолда карантин қоидаларига амал қилмай фаолият олиб бораётганлиги аниқланган.

Ҳолат юзасидан Санитария эпидемиологик назорати давлат инспекцияси ходими суриштирув олиб бормоқчи бўлганда, У.М. ходимларнинг қонуний талабларига бўйсунмасдан, уларга фаол қаршилик кўрсатиб ўзининг ҳаракатлари билан шу ерда бўлган бошқа шахсларнинг эътиборини жалб қилган. Айнан шу ҳолат видеотасвирда акс эттирилган.

Охир-оқибат вазият барқарорлаштирилиб, қоидабузарга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддалари билан баённома расмийлаштирилган.

Ҳозирда, Нукус шаҳар ИИО ФМБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси гуруҳи таянч пункти профилактика инспектори катта лейтенант Р.Бекимбетовнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш юзасидан хизмат текшируви тайинланган», дейилади ИИВ ахборот хизмати хабарида.

Мавзуга оид