Ўзбекистон | 14:20 / 19.06.2020
6027
2 дақиқада ўқилади

50 фоиздан кўп ўқувчиси ОТМга кирган мактаб директори ХТВ томонидан ҳимояланади. Вазирлик билан келишмасдан ҳеч ким уларни лавозимидан бўшата олмайди

Юқори натижа кўрсатган умумтаълим мактаблари директорлари ва уларнинг ўринбосарлари билан тузилган меҳнат шартномаларини бекор қилиш Халқ таълими вазирлиги билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

Фото: Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати

Халқ таълими вазирининг “Умумтаълим мактабларининг ўрнак кўрсатган раҳбар ходимларини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги буйруғи қабул қилинди.

Буйруқ билан умумтаълим мактабларида таълим сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича юқори натижаларга эришган, битирувчиларнинг камида 50 фоизи олий таълим муассасаларига ўқишга кирган умумтаълим мактаблари директори, директорнинг ўқув ишлари ва ихтисослашган фанлар бўйича ўринбосарларининг дахлсизлигини таъминлаш ва фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида тегишли чоралар белгиланди. 

Жумладан, юқори натижаларга эришган мактабларнинг директорлари билан тузилган меҳнат шартномаларини бекор қилиш Халқ таълими вазирлиги билан келишилиб, мактаб директорининг ўқув ишлари ва ихтисослашган фанлар бўйича ўринбосарлари билан тузилган меҳнат шартномаларини бекор қилиш ҳудудий бошқармалари томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади (Меҳнат кодексининг 106-моддасига асосан меҳнат шартномасининг бекор қилиниши бундан мустасно).

Бундан ташқари, умумтаълим мактаблари раҳбар ходимлари вазирликнинг тегишли тармоқ мукофотлари билан тақдирланади ҳамда уларнинг номзоди келгусида юқори раҳбарлик лавозимларига захирага олинади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид