Спорт | 20:16 / 19.06.2020
12016
2 дақиқада ўқилади

«Доимо ёш гимнаст» – спорт жамоатчилиги Оксана Чусовитинани табрикламоқда

Бугун ўзбекистонлик афсонавий спортчи, 7та олимпиада ўйинларида қатнашган дунёдаги ягона спортчи Оксана Чусовитина 45 ёшга тўлди. Шу муносабат билан дунё спорт жамоатчилиги уни табрикламоқда.

Фото: Belga Image

The Times Hub газетасининг сайтида Чусовитинанинг туғилгани кунига бағишлаб у ҳақда мақола эълон қилинди. «Доимо ёш гимнаст. Том Круз билан учрашувни кутаётган Чусовитина 45 ёшда. Аммо у 8-олимпиада ўйинлари томон кетмоқда» сарлавҳали мақолада хусусан шундай дейилган: «Собиқ иттифоқ вақтида совринлар ютишни бошлаган Чусовитина 2018 йилда Осиё ўйинларида ҳам совриндор бўлди».

Чусовитинанинг инстаграмдаги саҳифасида спорт оламидаги машҳурлар томонидан табриклар йўлланмоқда. Россиялик машҳур спорт журналисти Дмитрий Губерниев, беларуслик уч карра олимпиада чемпиони Светлана Богинская (Ўзбекистонда мураббий бўлиб ҳам ишлаган), гимнастика афсонаси руминиялик беш карра олимпиада чемпиони Надя Команечи инстаграм саҳифаларида Чусовитинани табриклашган.

Маълумот учун, Оксана Чусовитина 1992 йилги Барселона олимпиадаси чемпиони ҳисобланади. У фаолияти давомида уч марта жаҳон чемпиони, икки марта Осиё ўйинлари ғолиби, бир марта Европа чемпиони ҳам бўлган.

Олимпиада ўйинларида қатнашиш бўйича жаҳон рекордчиси ҳисобланган Чусовитина 2019 йил 12 октябрь куни Германиядаги жаҳон чемпионатида Токио олимпиадаси йўлланмасини қўлга киритган ва бу афсонавий спортчининг саккизинчи олимпиадаси бўлади.

Kun.uz мухбири Оксана Чусовитина билан боғланиб, уни туғилган куни билан табриклади ва режалари билан қизиқди. Чусовитина олимпиада ўйинларига тайёргарликни давом эттираётганини маълум қилди.

Мавзуга оид