Ўзбекистон | 22:42 / 19.06.2020
8625
3 дақиқада ўқилади

«Мунозара клуби»нинг илк учрашуви: хорижлик экспертлар қандай фикрда?

13 июнь куни ҳукумат иқтисодий блокининг «Мунозара клуби» илк учрашувида давлат қарзи мавзуси муҳокама қилинди.

Муҳокамаларда юқори лавозимдаги ҳукумат расмийлари, жамоатчилик вакиллари, мустақил экспертлар, халқаро ташкилотлар ва рейтинг агентликлари вакиллари иштирок этди.

Сессиядан сўнг халқаро экспертлар ўз мулоҳазалари ва тавсияларини «Мунозара клуби»нинг бош ахборот ҳамкори – Kun.uz`га йўллади.

Осиё тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Синди Малвичини ҳукумат, фуқаролик жамияти, халқаро ҳамжамият ва ОАВ муҳим масалани муҳокама қилиш учун бир стол атрофига йиғилганини эътироф этди.

«Бундан ташқари, маҳаллий иқтисодчилар жараёнда фаол қатнашганидан таъсирландим», – деди ОТБ вакили.

Малвичини қарз маблағларини самарали бошқариш муҳимлиги, ОТБ Ўзбекистон ҳукумати билан яқиндан ҳамкорлик қилишда давом этишини қайд этди.

Fitch Ratings агентлиги катта директори Эрик Ариспе ҳам мунозара платформасида қатнашганидан мамнунлигини билдириб, ҳукуматнинг иқтисоддаги устувор масалалардан бирининг бугунги ҳолати ва мамлакат келажагига таъсири ҳақида ҳам маҳаллий, ҳам хорижий манфаатдор томонлар билан муҳокама қилишини олқишлашини билдирди.

S&P Global Ratings бош таҳлилчиси Максимилиан Макгров учрашувда муҳим масалалар юзасидан ҳукумат вакилларининг ҳам қатнашгани, ташқи гуруҳларга ҳам тенг имкон берилганини қайд этди. «Бундан кейинги тадбирларни ташкил этишда мавзу ва ташкилий масалалар ҳақида барвақт маълумот берсангиз. Бундан ташқари, учрашув ҳафта кунларида ўтказилишини таклиф қиламан», – деди у.

«Газпромбанк» Николай Шеразадишвили суверен қарзни муҳокама қилиш дунёда воқеалар инқирозли сценарий асосида кечаётган бир даврда жуда муҳимлигини таъкидлаб, долзарб мавзудаги очиқ мулоқотнинг мамлакат тараққиётида янги қадам эканини таъкидлади.

Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Алкис Дракинос ҳам мунозара ташкил этилгани ва унинг форматини олқишлаб, кейинги учрашувда хусусийлаштириш мавзусини муҳокама қилишни таклиф этди.

Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Ҳидеки Мори мунозара монологга айланиб қолмагани, унда юқори лавозимдаги расмийлар қатнашгани, унда турли қарашларга эга мутахассислар фикр билдиргани эътиборли эканини таъкидлади.

Муҳокамадан батафсил видеорепортаж билан ушбу ҳавола орқали танишишингиз мумкин.

Мавзуга оид