«Уч йил олдин ичимлик суви таъминотини яхшилаш учун ОТБдан 120 млн доллар қарз олинган эди...»
– Мунозара клубининг илк йиғилишини кузатиб ўтириб, бир қатор мулоҳазалар, саволлар туғилди. Биринчи саволим ташқи қарзнинг самарадорлиги билан боғлиқ. Ҳаммамиз биламиз, ташқи қарзнинг миқдори катта аҳамиятга эга, лекин ташқи қарзни ишлатиш самарадорлиги ундан ҳам муҳим масала ҳисобланади.
Биз очиқлик йўлидан кетяпмиз. Эътибор берсангиз, ташқи қарзимизнинг портфели, структураси сўнгги йилларда очиқ эълон қилиб бориляпти. Бу бўйича савол бўлиши мумкин эмас. Лекин унинг ишлатилишига келганда, яъни ташқаридан қарз сифатида олинаётган миллиардлаб доллар қандай ишлатиляпти, қайси манбаларга йўналтириляпти – бу тўғридаги ахборотларни олиш жудаям қийин. Агарда шу масалада ҳам очиқлик йўлидан юрганимизда ташқи қарзни самарали ишлатиш масаласида катта иш қилган бўлардик.
Кўп муҳокама қилинганига қарамай, ташқи қарз самарадорлиги фақат унинг ҳажми ва ЯИМга нисбатан улушига боғлиқ эмас. Айрим давлатлар учун ҳатто ЯИМнинг 25 фоизи миқдоридаги қарз ҳам хавфли, айрим давлатлар учун 125 фоизи ҳам қўрқинчли эмас. Шу маънода жалб қилинган ташқи қарзнинг ўзлаштирилиши шаффофлиги ва очиқлигига кўпроқ эътибор қаратиш керак бўлади.
Масалан, 3 йил аввал Осиё тараққиёт банкидан Тошкент вилояти Қибрай, Тошкент ва Зангиота туманларида ичимлик суви таъминотини яхшилаш учун 120 млн доллар қарз олинган. Ўртада ижрочилар билан тегишли шартномалар тузилган. Шу пулнинг қанчаси ўзлаштирилган, ким буюртмачи, ким пудратчи, ким субпудратчи – номаълум. Санаб ўтилган туманларда уч йил аввал сув таъминоти борасида қандай муаммолар бўлган бўлса, ҳалиям шу муаммолар бор.
Агар бу туманларда яшовчи аҳоли буюртмачилар ва ижрочиларни танишганда, қарзнинг қанча қисми берилгани, ўзлаштирилганини билишда масъуллардан бунинг ҳисобини сўраган бўлишарди.
Бундан келиб чиқадики, ташқи қарз бўйича нафақат жалб қилиш борасида, балки ишлатилишида ҳам очиқликни ошириш керак. Шундагина жамоатчилик таъсири ва босими, назорати остида сифат шакллана бошлайди. Шундагина ташқи қарз янги бойлар пайдо бўлишида эмас, кенг аҳоли қатлами турмуш даражасида акс этади.
«Маҳаллий ҳокимликлар ташқаридан қарз жалб қилишига йўл қўйилмаслиги керак»
– Мени қизиқтирган иккинчи масала шуки, кеча тасодифан Тошкент шаҳар ҳокимияти Франция тараққиёт агентлигидан ҳукумат кафолати остида 200 миллион доллар жалб қилишни режалаштираётгани ҳақидаги ҳужжатга кўзим тушиб қолди. Қарзлар йўл инфратузилмаси, хусусан бекатларни янгилашга ишлатилар экан – ўзингиз тушунгандирсиз.







