Иқтисодиёт | 15:00 / 23.06.2020
10022
5 дақиқада ўқилади

Иқтисодчи ташқи қарзга лимит белгилашда эҳтиёткорликка чақирди, вазир ўринбосари муносабат билдирди

Ҳукумат иқтисодий блоки томонидан ташкил этилган «Мунозара клуби»нинг илк учрашувида ташқи қарз мавзуси муҳокама қилинди.

Зоҳиджон Асқаров, Тошкент халқаро Вестминстер университети маърузачиси:

– Ташқи қарз олиш яхши, лекин унинг ёмон томони ҳам бор. Яъни маълум бир чегарагача яхши, ундан кейин бу ЯИМга негатив таъсир қилиши мумкин. Лекин қанчагача яхши ва қанчадан кейин ёмон? Одил ака Исоқов айтиб ўтдилар, Ўзбекистон бўйича ҳисоб-китоб қилишганида чегара 55 фоизни ташкил қилар экан. Мен бу рақамлар бўйича жуда эҳтиёткор бўлишни тавсия қилган бўлар эдим.

Эконометрика моделини тузиб, у ерда давлат ташқи қарзининг ЯИМга таъсири ва унинг чегарасини ҳисоблашда сизлар унинг квадратини оласизлар. Бу тажриба сизга битта нарсада яхши хулоса беради, яъни қарз олиш маълум даражагача яхши, кейин ёмонлигини кўрсатади холос. Лекин аниқ 55 фоиз, 90 фоиз, маълум бир мамлакат бўйича 34 фоиз деб берилиши жуда ҳам мушкул.

Бу нисбий чегарадир. У ноаниқ. Бошқа ўзгарувчиларни қўшиб ҳисобласангиз, 35 фоиз ёки 75 фоиз чиқиши мумкин. Бу ерда асосий масала ана шу ташқи қарздан қандай қилиб фойдаланиш. Унинг самаралилигини назорат қилиш. Яъни ташқи қарзни инвестиция қилганда унинг самарадорлиги – у бўйича тўланадиган фоизлар ёки асосий қарз ва амортизацияни маълум бир муддатгача қоплайди. Лекин маълум бир муддатгача қисқариб боради. Шунинг учун муддат бўйича чегарани белгилаб олиш керак.

Менинг тавсиям 55 фоиз бу аниқ маълумот эмас, бу бўйича эҳтиёт бўлиш керак.

Мамаризо Нурмуратов, Марказий банк раиси:

sxuV9gh7oCQYKuNhA0VBtuwEqog9TlTp.jpg (1280×852)

– Бугунги кундаги Ўзбекистондаги қарз олиш, қарз ўсаётганини биз вазият билан ҳам боғлашимиз керак. Чунки карантин шароити ва у билан боғлиқ инқироздаги сиёсатимиз билан ҳозир умумий ташқи қарз сиёсатимиз ўзгарди, деган хулоса қилишимиз керак эмас. Чунки инқироздан ўтгандан кейин бу нарса секинлашади. Буни ҳам инобатга олишимиз керак.

Агар охирги инқироз билан боғлиқ олинган қарзларни чегириб ташлаб қарайдиган бўлсак, бошқача вазият бўлади. Бугун биз қарз олдик деганимиз, Инқирозга қарши курашиш жамғармасига олинган қарзлар ёки бошқа йўналишдаги қарзлар доимий кетма-кетликда, шундай прогрессияда бўлади, деган хулосага олиб келмаслиги керак.

Бу йилдан бошлаб тўлов балансини тузиш, ўрганиш Марказий банк ваколатига ўтганидан кейин шу нарсани кўрдикки, бугунги кунда ташқи қарзнинг хизмат кўрсатиш даражаси сўнгги чоракда давлат бюджети харажатининг 1,5 фоизи атрофида. Умумий қарзни кўрадиган бўлсак, бу экспортга 4 фоиз атрофда нисбатда бўляпти. Шунинг учун буни муҳокама қилаётганда, ташқи қарз ўсиб боряпти деганда, шу нарсани инобатга олиш маъқул бўлади.

Одилбек Исоқов, Молия вазири ўринбосари:

DL_1RNS0XaIueh96NvA9DF7qMbTd9a0k.jpg (1280×878)

– 55 фоиз қандай ҳисобланди, дейилганига изоҳ берсам. Бу чегара Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси билан биргаликда, уларнинг техник кўмагида ҳисобланган.

Эконометрик моделга ЯИМнинг турли ўсиш сценарийлари, валюта алмашинув курсининг турли ўсиш сценарийлари ва Халқаро валюта жамғармасининг классификацияси бор. Яқинда эълон қилинган қарз барқарорлиги таҳлилида Ўзбекистон ташқи қарзга хизмат кўрсатиш бўйича кучли салоҳиятга эга мамлакат, дея кўрсатилган. Кучли салоҳиятга эга мамлакатлар учун ўзларининг чегаралари бор. Шу чегаралар бўйича бизнинг ташқи қарзимиз 75 фоиз атрофида чегараланиши керак. Лекин стресс тестлар, «one-off event» дейилади, мана шу коронавирус ҳам бир инқироз, яъни ЯИМ биз кутгандек, олдин прогноз қилинганидек ўсмаяпти, ташқи қарзимиз биз прогноз қилгандан кўпроқ ўсиши мумкин. Шундай «one-off event» ҳолатларни ҳисобга олганда биз яна 20 фоиз айириб ташладик. Ўшанда 55 фоиз келиб чиқди. Ундан кейин 45-55 фоиз деган корридор қўйилиб, ўртача 50 фоиз белгиланди.

Албатта, бу ҳисоб-китоблар бошқа мамлакатлар тажрибасида ҳам қўлланилган. Масалан, Европа иттифоқида 60 фоиз қўйилган, ёки бошқа мамлакатларда 70 фоиз. Бошқа ривожланаётган мамлакатларда 50-55 фоиз.

Бу ерда нафақат рақам моделлари, балки реал ҳаётни ҳам инобатга олиб, бизга ўхшаган ривожланаётган мамлакатлар ривожланиш йўлида қандай йўл тутгани, қандай қарз олгани, қандай ишлатгани ҳам ҳисобга олинган.

Эслатиб ўтамиз, Kun.uz ахборот ҳамкори сифатида иштирок этган «Мунозара клуби»нинг илк муҳокамалари 13 июнь куни бўлиб ўтди. Батафсил видеорепортаж билан ушбу ҳавола орқали танишишингиз мумкин.

Мавзуга оид