Жаҳон | 08:10 / 21.06.2020
12052
2 дақиқада ўқилади

Миср президенти армияни Ливияга бостириб киришга тайёр туришга чақирди 

Айни вақтда Миср Ливияга қонуний асосда бостириб кириши мумкин. Бу ҳақда Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисий маълум қилди ва армияни хориждаги ҳаракатларга тайёр туришга чақирди.

“Миср давлати томонидан ҳар қандай аралашув халқаро қонунийлик кўринишини олди”, деб айтган ас-Сисий. У бу сўзларни ҳарбий-ҳаво кучларининг Ливия билан чегарадаги ҳарбий базасига ташрифи вақтида айтиб ўтган.   

Миср президенти нутқ сўзлашдан олдин авиабазадаги ҳарбийлар билан суҳбатлашиб, уларга “Мисрда ва зарурат бўлса, унинг ташқарисида ҳар қандай миссияни бажаришга тайёр туришни” айтган.

Ас-Сисий Миср Ливияда хорижий давлатлар томонидан қўллаб-қувватланувчи террорчилар ва ёлланма жангарилардан таҳдидлар олгандан кейин ҳимояланиш ҳуқуқига эгалигини таъкидлаб ўтган.

Унинг айтишича, ҳар қандай аралашувнинг асосий мақсадлари Мисрнинг 1,2 минг километрлик ҳарбий чегарасини муҳофаза қилиш, Ливияда ўт очишни тўхтатишга ҳамда барқарорлик ва тинчлик ўрнатилишига эришишда ёрдам бериш ҳисобланади.

Аввалроқ Миср Ливияда ўт очишни тўхтатиш учун сайланган бошқарув кенгаши ташкил этишни таклиф қилган. Ушбу таклифни Россия, АҚШ, БАА қўллаб-қувватлаган, бироқ Туркия рад этган.

Ливияда узоқ вақтдан бери қўшҳокимлик амал қилиб келмоқда: БМТ томонидан тан олинган ва пойтахт Триполида жойлашган Фаёз Саррожнинг Миллий келишув ҳукумати ҳамда мамлакат шарқида ҳаракат қилувчи ва фелдмаршал Ҳалифа Хафтар қўмондонлиги остидаги Ливия миллий армияси томонидан қўллаб-қувватланувчи Абдуллоҳ Абдураҳмон ат-Таний ҳукумати. 

Охирги кунлар Миллий келишув ҳукумати Туркия кўмагида Хафтар армиясини сиқиб чиқармоқда.

Маълумотларга кўра, Хафтар кучларини Россия, Франция, Саудия Арабистони, БАА ва Миср, Саррож ҳукуматини Туркия, Қатар ва Италия қўллаб-қувватламоқда.

Мавзуга оид