Жаҳон | 22:55 / 22.06.2020
28679
3 дақиқада ўқилади

Грузиялик журналист Путинни яна ҳақорат қилди

Rustavi 2

Грузиянинг Mtavari Arkhi телеканали журналисти Георгий Габуния эфир вақтида Россия президенти Владимир Путинга рус тилида мурожаат қилиб, яна уни ҳақорат қилди.  Бу ҳақда “Грузия Online” нашри хабар берди.   

Аввалроқ Грузияда ёлланма қотилликни амалга оширмоқчи бўлган россиялик ушланган. Mtavari Arkhi мухолиф телеканали раҳбари Ника Гварамиянинг таъкидлашича, ушланган киши Габунияни ўлдирмоқчи бўлган ва ушбу операцияга тайёргарлик билан гўёки шахсан Чеченистон раҳбари Рамзон Қодиров шуғулланган.

Ўз навбатида, Қодиров бу айбловларни “сафсата” деб атаб, Габунияни Путин номига айтилган сўзлари учун кечирим сўрашга чақирган.

Таъкидланишича, Габуния ўзининг Post Factum деб номланган дастурида ўзининг сўз аскари ҳисобланишини ва жанг майдонида бўла туриб, ўз қуроли – сўзни қўллашини айтган. Сўнгра у “Путин Грузияга қарши қурол истаганмиди?” деган савол билан юзланиб, “Бизнинг ерга атом бомбани ташламагани қолди”, деб қўшимча қилган.

У, шунингдек, ўлимдан қўрқмаслигини ва унга нисбатан Қодиров томонидан суиқасд тайёрлангани ҳақидаги версиянинг чинлигига шубҳа қилмаслигини айтган. “Мен ҳақиқий, муносиб чеченларни ҳурмат қиламан ва яхши кўраман, бироқ думини қисадиган ва эгаси Путинсиз лайча итчалик қиймати бўлмаган Қодировни эмас”, деб таъкидлаб ўтган журналист.  

Габуния ҳурматга лойиқ чеченларга мисол сифатида тан олинмаган Чечен республикаси Ичкерия президенти Жохар Дудаевни келтириб ўтган.  

2019 йил июлда ҳам журналист “Рустави-2” канали эфирида Путинни “оккупант” деб атаб, унга ва унинг “қулларига” Грузияда жой йўқлигини айтган. Бундан ташқари, у Россия президентининг ота-онасини ҳам ҳақоратлаган. Бу ҳолат канал томошабинларининг норозилигига сабаб бўлиб, улар журналистни жазолаш талаби билан намойиш ҳам ўтказишган. Августда каналнинг эгаси ўзгариб, Габуния ва бошқа бир қатор журналистлар бўшатиб юборилган.

Мавзуга оид