Жаҳон | 21:29 / 22.06.2020
5117
2 дақиқада ўқилади

Трамп Мадуро билан унинг "тинчгина кетиши"ни муҳокама қилиш учун учрашишга тайёрлигини билдирди

Фото: Getty Images

Венесуэлада 2019 йилда президент Николас Мадурога қарши норозиликлардан сўнг Миллий ассамблея раҳбари Хуан Гуайдо ўзини давлатнинг вақтинчалик раҳбари деб эълон қилган. 

АҚШ президенти Дональд Трамп Венесуэла президенти Николас Мадуро билан фақат бир масалада – унинг ўз лавозимидан кетишини муҳокама қилиш учунгина учрашишга тайёрлигини маълум қилди.

"Радикал сўллардан фарқли ўлароқ, мен ҳар доим социализмга қарши чиқаман ва Венесуэла халқи билан биргаман. Менинг маъмуриятим доимо озодлик тарафида ва Мадуронинг зулмкор режмига қарши бўлган! Мен Мадуро билан фақат битта нарсани: унинг ҳокимиятдан тинчгина кетишини муҳокама қилиш учунгина учрашган бўлардим!" – деб ёзди Трамп Twitter саҳифасида.

Венесуэлада 2019 йилда президент Николас Мадурога қарши норозиликлар бўлиб ўтди. Миллий ассамблея раҳбари Хуан Гуайдо ўзини давлатнинг вақтинчалик раҳбари деб эълон қилди. 

АҚШ бошчилигидаги қатор Ғарб давлатлари Гуайдони президент деб тан олди. Россия, Хитой, Туркия ва бошқа қатор давлатлар  Мадурони қонуний президент сифатида қўллаб-қувватлади.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид