19:12 / 22.06.2020
15953

«Хусусий бандлик агентликлари энди пулни олдиндан олмайди» – Вазир билан ишсизликка қарши чоралар ва янги таклифлар ҳақида интервью

Ўзбекистонда пандемия даврида ишсизлик даражаси 9,3 фоиздан 14-15 фоизга, ишсизлар сони эса 1,4 миллиондан 2-2,5 миллионгача етган.

Kun.uz Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов билан тизимдаги янгиликлар, пандемия шароитида ишсизликка қарши чора-тадбирлар, ишсизликнинг реал кўрсаткичлари ҳақида суҳбат уюштирди.

– Нозим Бахтиёрович, яқинда Ўзбекистонда ишсизлар сони 2 миллионга яқинлашгани ҳақида айтгандингиз. Бу рақам ўзгармадими? Умуман, ишсизлик қандай кўрсаткичлар бўйича ва қандай даврийликда ўрганиб борилади?

– Олдин берилган маълумотларни тасдиқлайман. Жорий йил бошида ишсизлар сони 1,4 миллион нафар атрофида эди. Шундан кейин пандемия таъсирида айрим корхоналар фаолиятини тўхтагани сабабли ишсизлар сони 2 миллион нафарга яқинлашди. Бундан ташқари, хориждаги ишига бора олмаётган 500 минг нафарга яқин фуқароларимиз ҳам бор.

Бу кўрсаткич одатда фоизларда ифода қилинади. Ўзбекистонда пандемияга қадар ишсизлик кўрсаткичи 9,3 фоиз бўлган бўлса, айни пайтдаги ҳозирча тахминий ва бирламчи ҳисоб-китобларимизга кўра бу кўрсаткич 14-15 фоизга етди. Яъни,

5-6 фоизгача ўсиш кузатилди. Лекин иккинчи томонидан бугунги кунда «яшил» ҳудудлардаги корхоналар аста-секин фаолиятини тикламоқда ва бу ижобий натижа бермоқда.

Халқаро Меҳнат ташкилоти методикаси бўйича ишсизлик ҳар чорак якунларига кўра ҳисоб-китоб қилинади. Вазирлигимиз қошида махсус илмий марказ буни ўрганиш билан шуғулланади. Жойларда махсус услуб ва формулалар қўлланган ҳолда маҳаллалар, тадбиркорлик субъектларида махсус сўровномалар тўлдириш орқали аниқланади. Бу халқаро тажрибаларга асосланган.

Нозим Ҳусанов 

– Шу ўринда айрим атамаларга аниқлик киритиб олсак: қандай фуқаролар ишсиз деб ҳисобланади, яъни бунинг учун қандай мезонларга суянилади?

– Айни пайтда бирор жойда расман рўйхатдан ўтиб ишламаётган фуқаро бизнинг ҳар бир ҳудудларда фаолият юритаётган Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларимизга мурожаат қилишлари керак. Биз мурожаатчига бўш иш ўринларини таклиф қиламиз. Агар мурожаатчига мос иш топилмаса у шу ондаёқ ишсиз сифатида белгиланмайди. Аввал унга бепул тарзда касб-ҳунар ўргатишга ҳаракат қиламиз. Ана шундан кейингина унинг базавий билимига, соҳасига мос иш ҳудудда топилмаса ва бошқа қатор мезонларга мос келсагина ишсиз деб топилади ҳамда ишсизлик нафақаси белгиланади.

– Давлат раҳбари иштирокидаги охирги селекторларда асосий мавзулардан бири камбағалликни бартараф қилиш бўлмоқда. Фикрингизча, пандемия даврида, иқтисодда сусайиш яққол сезилиб турган бир пайтда камбағаллик муаммоси кескинлигини тан олиб, бунга қарши курашишга киришишга нима туртки бўлди?

– Давлат раҳбарининг шу йилнинг 24 январдаги Мурожаатномасида камбағаллик атамаси илк бор тилга олинганини тарихий воқеа деб ҳисоблайман. Бу муаммони бартараф этиш учун етарли имкониятларимиз бор. Кўплаб давлатлар тажрибаси ўрганилди, давлат раҳбари бунинг учун меҳнатга ўргатиш, ишлашга имконият яратиш зарурлигини таъкидлади.

Президент томонидан ажратилган маблағлар билан биз қишлоқ жойларда томорқа, чорвачиликни ривожлантиришга ҳаракат қиляпмиз. Бунда оз маблағ билан юқори самара олиш мумкин, чунки бу кўпчиликнинг ота-бобосининг касби. Сув етишмайдиган жойларга насослар ўрнатиб бердик, хўжаликларини ривожлантириб олишлари учун субсидиялар ажратдик. Тўғридан тўғри маблағ бериш фақат вақтинча чора ҳисобланади. Бу дастурлар эса ишлаб даромад олиш имкониятини яратади.

– Сўнгги пайтда томорқа ва уйда чорвачилик каби йўналишлар билан шуғулланганларга БҲМ (Базавий ҳисоблаш миқдори)нинг бир баравари эвазига йиллик стажли бўлиш тавсия қилинмоқда. Аммо бу тавсия кейинчалик мажбуриятга айланиши ва шу тарзда ишсизликка қарши курашиш бўйича ҳам тахминлар бор. Буларга қандай қарайсиз?

– Бу мажбурият эмас, имконият. Масалан, олдин репетитор, сантехник, дурадгор каби касб эгалари норасмий ишлаб келишган, расман рўйхатдан ўтганларидан кейин эса йилига БҲМнинг 4,5 баробар миқдорида тўлов белгиланган эди. Шу йилдан ўзини-ўзи банд қилувчилар рўйхати 24тадан 67тага етказилди ва уларнинг тўловлари 2020 йил учун БҲМнинг 50 фоизи этиб белгиланди. Энди онлайн тарзда рўйхатдан ўтиб, тўловларни тўлаб юрса фуқаро учун стаж ёзилади ва ўз-ўзидан нафақага чиқишда бу ҳисобга олинади.

– Ўзбекистонда миграция жараёни жуда кучли. Мураккаб вазиятга тушган хориждаги юртдошларга тўғридан тўғри моддий кўмак бериш масаласи муҳокама қилиняптими? Хориждан қайтган лекин расман ишсизлар рўйхатида турмаган фуқароларга кўмак берувчи бирор дастур режалаштирилганми?

– Вазирлигимиз қошида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги мавжуд. Бу агентлик мигрантларимизга ҳар томонлама кўмак беришга мўлжалланган. Миллий комиссия йиғилишида бу масалага алоҳида тўхталиб ўтилди. 2019 йилда хориждаги 3,5 мингдан зиёд фуқароларимизга ҳуқуқий кўмак бердик ва ўтган йили юртдошларимизнинг қарийб 600 минг доллар ҳақларини ундириб беришга муваффақ бўлдик.

Агентликнинг турли давлатларда ваколатхоналари ишлаб турибди. Россия Федерациясида мавжуд ваколатхоналаридан ташқари яна 6та ваколатхона очишни режалаштиряпмиз. Хориждан қайтган ёки бора олмаётган фуқароларимиз бўлимларимизга мурожаат қилиб, ўзларига мос иш қидиришлари ёки махсус курсларда ҳунар ўрганишлари мумкин.

Бугунги кунда аҳоли бандлигини таъминлашда фойдаланилаётган барча механизмлар орқали, бунда биринчи навбатда хорижий давлатлардан қайтган ёки кета олмаган фуқароларимизга амалий ёрдам бериш кўзда тутилган.

– 2020 йилда хусусий бандлик агентликлари томонидан кўплаб фирибгарликлар кузатилди. Шу кунларда бундай воқеаларни эшитмаяпмиз. Муаммо қандай қилиб бартараф этилди?

– Хусусий бандлик агентликлари биз учун янги йўналиш, тадбиркорликнинг янги тури эди. Буни такомиллаштириш бўйича қонунчиликка ўзгартириш юзасидан таклифларимизни берганмиз. Яқинда қабул қилинишини кутяпмиз. Ундаги асосий ўзгариш шундан иборат бўладики, хусусий бандлик агентликлари энди хорижга ишга жўнатганликлари учун хизмат ҳақини олдиндан олмайди, балки ишга жўнатиб, жойлаштирганларидан сўнг ишчининг ойлик маоши ҳисобига иш берувчи томонидан тўланади.

– Аҳоли бандлигини таъминлаш учун 2020 йилда тизимга 460 млрд сўм маблағ мўлжаллангани, пандемия сабабли яна 250 млрд сўм ажратилаётгани, зарурат бўлса бу маблағ яна оширилиши мумкинлигини айтгансиз. Бу йўналишда қандай ишлар амалга оширилаётгани ва маблағлар манбаси ҳақида ҳам айтиб берсангиз.

– Давлат раҳбари ажратиб берган бу маблағлар аҳоли бандлигини таъминлашга йўналтирилади. Шу йил 700 мингга яқин йигит ва қизларимиз ўрта мактаблар, коллежлар ва лицейларни битиришмоқда. Албатта, уларнинг маълум бир қисми олий таълим муассасаларига қабул қилинади, лекин кўпчилиги меҳнат бозорига киришади. Ҳарбий хизматдан қайтган ёшлар бор, уларнинг ҳам бандлигини таъминлашимиз керак.

Бу борада президентимиз томонидан вазирлик ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармасига қўшимча 200 млрд сўм маблағ ажратилгани ушбу ёшлар бандлигини таъминлашда қўшимча имкониятларни яратади.

Шу ўринда, жамоат ишларига илгари 8та йўналишда ишлаган бўлсак, карантин даврида ноанъанавий ва ностандарт жамоат ишлари турларини жорий этган ҳолда 16та йўналишларни қамраб олдик.

Масалан, фаолияти тўхтаб қолган тиббий муассасалар ходимларини ёки тиббиёт коллежи битирувчиларини дезинфекция ишларига жалб қилдик ва шу йўл билан

10 мингдан ортиқ киши иш билан таъминланди. Кўчма савдо нуқталарида, ҳудудларда тартиб-интизомга масъул идораларга ёрдамчи сифатида ҳам кўпчилик банд бўлди. Аниқ рақамларда айтадиган бўлсак, биргина жамоат ишларига жалб қилиш орқали 5 ойда 268 минг нафар фуқаронинг бандлиги таъминланган бўлса, шундан 240 минг нафари пандемия даврига тўғри келади.

Маблағлар манбасига келсак, улар махсус тузилган инқирозга қарши кураш жамғармаси томонидан тақдим этилмоқда. Давлат раҳбари бу йўналишда ишларни давом эттирилиши, зарур бўлса яна маблағ ажратилишини билдирган. 

Суҳбатнинг тўлиқ шаклини видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди,
тасвирчи Отахон Юсупов.

Top