Ўзбекистон | 08:12 / 23.06.2020
5924
2 дақиқада ўқилади

Абитуриентларга имтиҳон геоманзилини кўрсатиб берувчи махсус мобил илова ишлаб чиқилди

Айни вақтда мобил илова фойдаланишга тайёр бўлиб, Google Play платформасига жойлаштирилган.

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети талабалари томонидан 2020-2021-ўқув йили қабулида олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишлари учун тест синовларини ўтказиш режалаштирилган биноларнинг геоманзилини кўрсатиб берадиган ImtihonGo номли махсус мобил илова яратилди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги хабарига кўра, ImtihonGo мобил иловаси Давлат тест маркази томонидан эълон қилинган 2020-2021 ўқув йили қабулида олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишлари учун тест синовларини ўтказиш режалаштирилган биноларнинг геоманзиллари асос қилиб олинган ҳамда шу манзиллар иловага киритилган. 

Илова муаллифлари ТАТУ магистри Ғ. Назаров ҳамда “Радио ва мобиль алоқа” факультети талабаси Ҳ. Бахтиёровдир.

- Ҳар бир яратилган дастур ёки стартап қандайдир маънода инсонларнинг оғирини енгил қилиши, ортиқча вақт, харажатдан фориғ бўлишига ёрдам бериши керак. Биз ҳам ImtihonGo мобил иловаси орқали мамлакатимиздаги минглаб абитуриентларни яқин ойларда бўлиши кутилаётган тест синовларини топширишда ортиқча қийинчиликларсиз, керакли манзилга тез ва аниқ етиб боришда кўмак бермоқчимиз, – дейди лойиҳа муаллифи Ғ. Назаров.

Иловага олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишлари учун тест синовларини ўтказиш режалаштирилган бинолар рўйхати ҳамда геоманзиллари тўлиқ киритилган. 

Агарда бирор сабабларга кўра ДТМ томонидан кўрсатилган манзилларда янгиланиш вужудга келса, иловани ҳам тезда янгилаш, ўзгартиришлари тезда қўшиш ва бу ўзгаришни фойдаланувчиларга етказиш режа қилинган.

Айни вақтда мобил илова фойдаланишга тайёр бўлиб, Google Play платформасига жойлаштирилган.

Мавзуга оид