2025 йилнинг 1 июл ҳолатига Ўзбекистоннинг давлат қарзи 43 млрд 376 млн долларни ташкил этди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълум қилди.

Давлат қарзининг 36,41 млрд долларини – ташқи қарз, 6,96 млрд долларини эса ички қарз ташкил этган.

Давлат қарзи ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6 млрд 135 млн долларга кўпайган. ЯИМга нисбатан улуши ҳам 1,8 фоизга ошиб, 32,4 фоиздан 34,2 фоизга етган.

Таққослаш учун, 2024 йилнинг 1 июл ҳолатига давлат қарзи 37 млрд 241 млн долларни ташкил этган. Бир йил ичида ушбу кўрсаткич 16,5 фоизга ошган.

Жалб қилинган қарз маблағлари нимага ишлатилган?

Ҳисобот даври якунига кўра, жами давлат ташқи қарзининг 47 фоизи (16,9 млрд доллар) бюджетни қўллаб-қувватлашга, 16 фоизи (5,9 млрд доллар) ёқилғи-энергетика соҳасига, 9 фоизи қишлоқ ва сув хўжалигига (3,1 млрд доллар), 8 фоизи (2,9 млрд доллар) транспорт ва транспорт инфратузилмасига, 8 фоизи уй-жой коммунал хўжалигига (3 млрд доллар) йўналтирилган.

Ўзбекистон кимлардан қарз олган?

1 июль ҳолатига давлат ташқи қарзининг кредиторлар кесимида тақсимланиши қуйидагича:

  • Жаҳон банки — 7,8 млрд доллар;
  • Осиё тараққиёт банки — 7,4 млрд доллар;
  • Халқаро инвесторлар (халқаро евробондлар) — 5,7 млрд доллар;
  • Хитой молия ташкилотлари – 3,8 млрд доллар;
  • Япония молия ташкилотлари — 3,2 млрд доллар;
  • Осиё инфратузилма инвестициялари банки — 1,7 млрд доллар;
  • Франция молия ташкилотлари – 1,1 млрд доллар;
  • Ислом тараққиёт банки — 935 млн доллар;
  • Корея молия ташкилотлари — 750 млн доллар;
  • Халқаро валюта жамғармаси — 642 млн доллар;
  • Германия давлат банки — 481 млн доллар;
  • Европа тикланиш ва тараққиёт банки — 401 млн доллар;
  • Бошқа молиявий ташкилотлар — 2,5 млрд доллар.

Аввалроқ, Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ташқи қарз масаласи кўп муҳокамаларга сабаб бўлаётганини айтиб, бу масалага қуйидагича изоҳ берганди