Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳудудий адлия бошқармалари ҳузуридаги малака комиссиялари тўғрисида низом тасдиқланади
Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳузуридаги малака комиссиялари тўғрисида низом тасдиқланади.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳузуридаги малака комиссиялари тўғрисидаги низом” лойиҳаси эълон қилинди.
Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳузуридаги малака комиссиялари хусусий нотариал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни тўхтатиб туриш ва тугатиш билан боғлиқ ишларни кўриб чиқиш мақсадида ташкил этилади.
Малака комиссияси йиғилишларининг холислиги ва одиллигини таъминлаш мақсадида, заруратга қараб, уларда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Ҳуқуқий хизмат кўрсатишни давлат томонидан тартибга солиш бошқармаси ходимлари овоз бериш ҳуқуқисиз (кузатувчи сифатида) иштирок этиши мумкин.
Малака комиссияси ҳудудий адлия бошқармаси бошлиғининг буйруғи билан Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатасининг тегишли ҳудудий бошқармаси вакиллари, нотариуслар ҳамда адлия органларининг ходимлари орасидан беш нафардан тўққиз нафар кишигача бўлган таркибда тоқ миқдорда тузилади.
Малака комиссияси таркиби тегишли ҳудудий адлия бошқармаси бошлиғининг буйруғи билан уч йил муддатга тасдиқланади.
Зарурат бўлганда малака комиссияси раисининг тақдимномасига кўра комиссия таркиби ўзгартирилиши ёки қайта тасдиқланиши мумкин.
Малака комиссияси ўз ваколатлари доирасида қарорлар қабул қилишда мустақил ҳисобланади ва унинг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди.
Ҳудудий адлия бошқармаси бошлиғининг нотариат соҳасига раҳбарлик қилувчи ўринбосари қоида тариқасида малака комиссияси раиси ҳисобланади.
Ҳудудий адлия бошқармаси Ҳуқуқий хизмат кўрсатишни давлат томонидан тартибга солиш бўлимининг нотариат соҳаси бўйича масъул ходими малака комиссияси котиби этиб тайинланади.
Малака комиссияси раиси меҳнат таътилида, хизмат сафарида бўлган вақтда ёки бошқа узрли сабабларга кўра ишда бўлмаган ҳолларда ҳудудий адлия бошқармаси бошлиғининг буйруғи билан унинг бошқа ўринбосари вақтинча малака комиссияси раиси этиб тайинланади.
Малака комиссияси раиси комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ўтказиладиган кун ва вақтни белгилайди, шунингдек комиссия йиғилишларини ўтказади ва уларга раҳбарлик қилади.
Малака комиссияси раиси комиссия ишини ташкил қилиш ва унинг ўз вақтида, тўғри ва ҳаққоний ўтказилиши учун масъул ҳисобланади.
Малака комиссияси ўз фаолиятини Низом ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширади.
Малака комиссияларининг моддий-техника таъминоти тегишлилиги бўйича ҳудудий адлия бошқармаси томонидан амалга оширилади.
Малака комиссиясига лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш бўйича судга ариза киритиш масаласини кўриб чиқиш учун ҳудудий адлия бошқармаси ёки Нотариал палатанинг ҳудудий бошқармаси раҳбарининг тақдимномаси асос бўлади.
Котиб тегишли ҳудудий адлия бошқармаси ёки Нотариал палатанинг ҳудудий бошқармаси тақдимномаси ва унга илова қилинган ҳужжатларни қабул қилиб олади ва шу куннинг ўзида Малака комиссияси йиғилишида кўриб чиқилиши учун тақдим этилган ҳужжатларни рўйхатга олиш китобига тегишли ёзув киритиш орқали қайд қилади.
Малака комиссияси йиғилишида кўриб чиқилиши учун тақдим этилган ҳужжатларни рўйхатга олиш китоби ип ўтказилиб тикилган, тегишли ҳудудий адлия бошқармаси девонхонаси муҳри билан тасдиқланган бўлиши лозим.
Ҳужжатларнинг сақланиши учун котиб масъул ҳисобланади.
Котиб комиссия йиғилишида кўриб чиқиш учун қабул қилиб олинган ҳужжатлар ҳақида шу куннинг ўзида малака комиссияси раисини хабардор қилади.
Котиб комиссиянинг навбатдаги йиғилишида кўриб чиқилиши учун тақдим этилган ҳужжатларнинг ҳар бири бўйича алоҳида комиссия аъзолари сонига мутаносиб равишда тегишли ҳужжатлар нусхаларини тайёрлайди.
Малака комиссияси раиси тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиш мақсадида малака комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтадиган кун ва вақтни белгилайди.
Бунда, ҳужжатлар бир ёки бир нечта бўлишидан қатъи назар, улар малака комиссиясига келиб тушган кундан бошлаб уч иш куни ичида малака комиссияси томонидан кўриб чиқилиши шарт.
Котиб комиссия йиғилиши ўтказиладиган кундан камида икки кун олдин малака комиссиясининг барча аъзоларини ҳамда лицензиясининг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш билан боғлиқ ишлар кўриб чиқилиши режалаштирилган нотариусни комиссия йиғилиши ўтказиладиган кун ва вақт ҳақида хабардор қилади.
Малака комиссияси раиси комиссия йиғилиши ўтказиладиган кундан камида икки кун олдин навбатдаги йиғилиш бўлиб ўтадиган кун ва вақт, шунингдек кун тартибидаги масала юзасидан Адлия вазирлигининг Ҳуқуқий хизмат кўрсатишни давлат томонидан тартибга солиш бошқармасига ёзма ёки электрон шаклда хабар беради.
Нотариус унга хабар берилган кун ва вақтда комиссиянинг йиғилишида иштирок этиши мумкин.
Малака комиссияси йиғилишида нотариуснинг иштирок этиши талаб этилмайди, бунда нотариуснинг комиссия йиғилишида қатнашмаслиги йиғилишни ўтказишни қолдириш ёки кун тартибидаги унга тегишли масалани кўриб чиқмаслик учун асос бўлиб ҳисобланмайди.
Мавзуга оид
17:45 / 18.02.2026
Ўта оғир жиноятларни ҳакамлар ҳайъати иштирокида кўриб чиқиш йўлга қўйилади
18:46 / 08.09.2025
Ўзбекистон суд экспертлари палатаси ташкил этилади
22:12 / 05.09.2025
Қонунчиликни содда тилда шарҳловчи Adliya TV интернет саҳифаси ишга туширилади
16:50 / 01.01.2025