Ўзбекистон | 17:45 / 18.02.2026
2478
2 дақиқада ўқилади

Ўта оғир жиноятларни ҳакамлар ҳайъати иштирокида кўриб чиқиш йўлга қўйилади

2026 йил ноябрдан бошлаб, биринчи босқичда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ўта оғир жиноятларни халқ вакиллари ҳайъати иштирокида кўриб чиқиш амалиёти жорий этилади (тинчлик ва хавфсизликка қарши жиноятлар бундан мустасно). Бу президент томонидан тасдиқланган ва 2026 йилга мўлжалланган ислоҳотлар дастурида назарда тутилган.

Фото: Судейский совет

Жиноят ишлари бўйича суд процессларини халқ вакиллари ҳайъати (jury) иштирокида ўтказиш йўлга қўйилади. Бу президентнинг 16 февралдаги фармони билан тасдиқланган 2026 йилга мўлжалланган ислоҳотлар дастурида назарда тутилган.

Ҳужжатга кўра, 2026 йил ноябрдан бошлаб биринчи босқичда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ўта оғир жиноятларни халқ вакиллари ҳайъати иштирокида кўриб чиқиш амалиёти йўлга қўйилади (тинчлик ва хавфсизликка қарши жиноятлар бундан мустасно).

Жиноят ишларида халқаро тан олинган Хабеас корпус институти доирасида тергов судьяларига қамоққа олиш, уй қамоғи тарзидаги ва бошқа эҳтиёт чораларини ўзгартириш ва бекор қилиш ваколати берилади. Бунинг натижасида жиноят процессида мажбурлов чоралари қўлланилиши, инсон ҳуқуқларига риоя этилиши устидан суд назорати кучайтирилиб, республикадаги барча тергов судьялари ваколатлари кенгайтирилади.

2026 йил 1 июндан бошлаб жиноят ишини судга юборишда айблов хулосаси билан бирга «ҳимоя фикри»ни тақдим этиш тартиби жорий этилади. Бунинг натижасида 7 мингдан ортиқ адвокатлар учун жиноят процессида ҳимоя остидаги шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги қонуний ваколатлари кенгайтирилади.

Жиноят ишида ҳимоячига ўз ҳимояси остидаги гумон қилинувчи, айбланувчи ёки жабрланувчи иштирокида ўтказилган процессуал ҳаракатларга оид ҳужжатлар ҳамда далиллар билан танишиб, ундан нусхалар олиш, суриштирув, дастлабки тергов давомида исталган вақтда ўз ҳимояси остидаги гумон қилинувчи ёки айбланувчига нисбатан юритилаётган жиноят ишини қўзғатиш, тугатиш ҳақидаги қарорлардан нусха олиш ваколатларини бериш йўлга қўйилади.

Адвокатлар сўровига маълумотлар бепул тақдим этилиши, шунингдек, нотариал ҳаракатлар ва кадастр органларидан олинадиган маълумотларни адвокат сўрови орқали олиш имконияти яратилади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид