Жаҳон | 07:49 / 24.06.2020
7553
2 дақиқада ўқилади

Пхеньян Жанубий Кореяга қарши ҳарбий ҳаракатларни қолдиришга қарор қилди 

Корея Меҳнат партияси марказий ҳарбий қўмитаси 23 июнда ўтган йиғилишда Жанубий Кореяга қарши ҳарбий ҳаракатларни бошлашни кейинга қолдиришга қарор қилди. Бу ҳақда Корея марказий телеграф агентлиги маълум қилди.    

“Қўмита юзага келган вазиятга якун ясаб, Корея халқ армияси бош штаби комиссияси бешинчи йиғилишида тақдим қилинган Жанубга қарши ҳарбий ҳаракатлар режаси амалга оширилишини тўхтатди”, дейилган хабарда. 

Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин раислигида ўтган йиғилишда ҳарбий сиёсатнинг асосий йўналишлари масалалари кўриб чиқилган.

Жанубий Кореянинг “Рёнхап” ахборот агентлиги кейинроқ манбаларга таяниб, Шимолий Корея Жануб билан чегара бўйлаб яқинда ўрнатилган овоз кучайтиргичлардан 10 тасини демонтаж қилганини маълум қилган.   

Аввалроқ Шимолий Кореянинг “Нодон синмун” нашри Жанубни “шимоллик ҳарбийларнинг ҳарбий ҳаракатлар режасини тузаётганига жиддий қарашга” чақирган. 

“Бу бошланиши. Ҳарбийларимиз сабр-тоқати тугади”, дейилган нашрда. 

Нашр, шунингдек, Сеулни кореяаро муносабатларда тартибсизлик келтириб чиқаришда айблаган, чунки у ўз ҳудудидан Шимолга ташвиқот варақалари ташланишига тўсқинлик қилмаган. 

Мавзуга оид