Италия компанияси Сирдарёда чиқиндиларни тўплаш, олиб чиқиш, саралаш ва қайта ишлаш бўйича кластер ташкил этиши мумкин
Италиянинг «Innovando» компанияси Сирдарё вилоятида қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш, олиб чиқиш, саралаш ва қайта ишлаш бўйича кластер ташкил этиши мумкин. Лойиҳани амалга ошириш 5 йилга мўлжалланган бўлиб, бунинг учун 40 миллион евро инвестиция киритилиши кутилмоқда.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги маълум қилишича, Ўзбекистоннинг Италиядаги элчихонаси қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқариш соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун хорижий ихтисослаштирилган компанияларни жалб қилишга кўмаклашмоқда. Хусусан, Ўзбекистонда қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқариш бўйича инвестиция лойиҳасида иштирок этиш мақсадида стратегик экологик инновацияларни ишлаб чиқиш ва циркуляр иқтисодиёт тамойилларини жорий этишга ихтисослашган Италиянинг «Innovando» компанияси билан ўтган йилнинг охирида музокаралар бошланган.
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги, Сирдарё вилояти ҳокимлиги, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси мутахассислари ҳамда “Toza Hudud” ДУК, “Innovando” компанияси ва “Energy X Group” масъулияти чекланган жамият шаклидаги қўшма корхона раҳбарияти иштирокида ташкил этиллан видеоконференция Сирдарё вилоятида қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва қайта ишлаш корхонасини ташкил этиш инвестициявий лойиҳасини амалга ошириш масалаларини муҳокама қилинди.
“Дунё” ахборот агентлигининг хабар беришича, лойиҳа доирасида қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш, олиб чиқиш, саралаш ва қайта ишлаш бўйича кластерни яратиш режалаштирган. Чуқур қайта ишлаш технологиялари туфайли чиқиндиларнинг 60 фоизини қайта ишлаш ва цемент тайёрлаш учун биогаз, елим маҳсулот ҳамда хомашё гранулалари олиш учун иккинчи бор ишлатиш режалаштириляпти. Кўп босқичли лойиҳани амалга ошириш 5 йилга мўлжалланган ва унинг умумий қиймати 40 миллион еврони ташкил қилади.
Музокаралар давомида Италия томони биринчи босқичда италиялик компаниялар томонидан кейинги сармояларни жалб қилиш ва эксплуатация харажатларини қоплашга замин яратадиган тариф тизимини жорий этиш масаласини муҳокама қилиш зарурлигини таъкидлади. Кейинги босқич – бу чиқиндиларни қайта ишлаш чоғида иккиламчи ресурсларни олиш, уни амалга ошириш ва сотишдан иборатдир. Олинган маҳсулотлар кейинчалик хорижий давлатларга, шу жумладан, Италияга ҳам экспорт қилиниши мумкин.
Кластернинг лойиҳавий ғоясини ва уни амалга ошириш концепциясини бажарувчи “Energy X Group” МЧЖ қўшма корхонаси режалаштирилган лойиҳа ташаббускори бўлиб, томонлар чиқиндиларни қайта ишлаш заводини қуриш учун умумий майдони 30 гектарга тенг ер майдонини ажратиш масаласини муҳокама қилишган. Aйни пайтда Сирдарё вилояти ҳокимлиги билан биргаликда кўп функциали кластерни яратиш учун барча зарур талабларга жавоб берадиган ер участкасини излаш бўйича иш олиб борилмоқда.
Видеоконференция якунига кўра ўрта муддатли истиқболга ҳаракатлар дастури, жумладан, иш режасини ишлаб чиқиш, лойиҳанинг техник-иқтисодий асосини тайёрлаш учун маълумотларни йиғиш ва таҳлил қилиш ҳамда жорий йилнинг июль ойида Италия делегациясининг Ўзбекистонга ташрифини ишлаб чиқишга келишилган.
Мавзуга оид
16:26 / 16.10.2024
Хоразмда яна рейдерлик. Шоликорлар ҳосилини тортиб олиш оммавий тус олганми?
19:46 / 30.09.2024
Сенат кооперативлар бўйича қонунни маъқуллади
12:38 / 27.09.2024
Қашқадарёда пахта хариди бўйича рақобат чекланмоқда
18:17 / 20.09.2024