Фан-техника | 14:38 / 25.06.2020
6966
3 дақиқада ўқилади

«Ўзавтосаноат» утилизация йиғимида имтиёзга эга эмас. Компания ўз фаолиятига доир айрим саволларга жавоб берди

Kun.uz сайтида 19 июнь куни эълон қилинган «Malibu, Trаcker ва Orlando ярим тайёр маҳсулот сифатида олиб кирилаётгани сабабли миллионлаб солиқлар давлат ғазнасига тушмаяпти» – эксперт» сарлавҳали мақолага нисбатан 22 июнь куни «Ўзавтосаноат» томонидан муносабат билдирилди.

Муносабат билан биргаликда таҳририят ўқувчилари учун мавҳум бўлиб қолаётган айрим масалалар ҳақида фикр юритилганди.

«Ўзавтосаноат» АЖ қўйилган ушбу саволларга ҳам батафсил жавоб йўллади.

«Ўзавтосаноат» ҳар қандай саволларга жавоб беришга доим тайёр эканини маълум қилган ҳолда, қўйилган саволлар бўйича батафсил маълумотларни келтирган.

Жумладан, «Ўзавтосаноат» четдан олиб кираётган автомобиллар божхонада қандай расмийлаштирилишига оид масалага бугунги кунда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилиши ҳозирча йўлга қўйилмаган Chevrolet автомобиллари хориждан йиғилган ҳолда келтирилиши ва шунга мувофиқ расмийлаштирилиши айтилади.

Бунда, экспертлар даъволаридан фарқли ўлароқ, компания ҳам ҚҚСни, ҳам барча божхона тўловларини тўлиқ тўлайди. «Ўзавтосаноат» учун импорт автомобилларини расмийлаштиришда ҚҚС ва божхона расмийлаштирувида ҳеч қандай имтиёзлар кўзда тутилмаган.

Маълум қилинишича, утилизация йиғимини тўлашда компания учун ҳеч қандай истиснолар назарда тутилмаган: 1 августдан бошлаб компания, бошқа ишлаб чиқарувчилар ва импортчилар қаторида, утилизация йиғимини тўлашни бошлайди. Утилизация йиғими бўйича «Ўзавтосаноат» АЖ ҳеч қандай имтиёз ва преференцияга эга эмас.

Шунингдек, компания ўзи ва тизимдаги компанияларнинг молиявий ҳисоботларида очиқлик ва ошкоралик сиёсати йўқлигига оид саволга эътироз билдириб, исталган одам «Ўзавтосаноат» АЖ сайтида бир эмас, бир неча йил учун батафсил корпоратив ҳисобот, жумладан, амалдаги фактлар, бухгалтерия баланси, аудиторлик хулосалари, тўланган дивидендлар тўғрисидаги маълумот ва аффилланган шахслар рўйхати билан ҳеч бир қийинчиликсиз танишиши мумкинлигини билдирган.

«Нарх шаклланиши формулалари ва ҳар бир алоҳида олинган модель маржиналлиги борасига келсак, таҳририят ва ҳар қандай эксперт, уларнинг малакасидан қатъи назар, дунёдаги бирорта молиявий ҳисоботда бу борадаги тафсилотларни топа олмайди. Корпоратив ҳисоботни тижорат сирини ошкор қилиш билан адаштирмаслик керак. Худди шунингдек, Жанубий Кореяни «Malibu 2»нинг ватани дея аташ ҳам ўринсиз. Ҳар ҳолда, нима қилганда ҳам, бу автомобилнинг ватани, ҳақли равишда, АҚШ саналади ва у ерда «Malibu 2 LT» 1.5 нинг чоғиштирма модели Ўзбекистондагидан бироз қиммат - 27 595 долларга 27 286 доллар туради», дейилади муносабатда.

Мавзуга оид