– 9 март куни Ўзбекистондаги ягона автомобил ишлаб чиқарувчи UzAuto Motors енгил автомобилларнинг янги нархларини эълон қилганди. Нархлар машиналарнинг модификациясига қараб 3-21 фоиз атрофида оширилган эди. 

Шундан сўнг, ижтимоий тармоқлар норозилик оҳангидаги постларга тўлиб-тошган, ҳатто UzAuto Motors маҳсулотларини бойкот қилиш, сотиб олмаслик ҳақида чақириқлар янграганди.

Танқидларга бир қатор ташкилотлар ҳам қўшилган, жумладан, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерацияси автомашиналар нархи ошишини кескин қоралаган, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳам йиллар давомида берилган имтиёзлар ва преференцияларга қарамасдан UzAuto Motors АЖ давлат томонидан яратилган имкониятлардан самарали фойдаланмагани, истеъмолчилар ҳуқуқлари камситиб келаётганини маълум қилганди.

Президент Шавкат Мирзиёев 13 март куни Хоразм вилояти фаоллари билан учрашувда автомобиллар нархи оширилганига ўз муносабатини билдириб, машиналар нархи оширилиши ҳозирги шароитда тўғри эмаслигини айтган эди.

Шунча эътироз ва муносабатларга қарамасдан оширилган нархлар ўзгаришсиз қолди, сизнингча, бунинг сабаби нимада бўлиши мумкин?

Валижон Тўрақулов:

Валижон Тўрақулов

– Монополиянинг қиёфаси шундай бўлади. Яъни қўпол қилиб айтганда, “Олсанг олдинг, олмасанг, бошқа машина йўқ”, дегандай гап. Бу ерда халқимизнинг менталитети ҳам рол ўйнаса керак. Бошқа халқларда бундай бўлмаслиги мумкин. Айнан бизнинг халқда четга чиқиб, ишлаб бўлса ҳам машина олиш деган орзу бор.