Ўзбекистон | 22:06 / 25.06.2020
8921
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда хусусий клиникалар коронавирусга тест олиш хизматини йўлга қўйди

Тошкентдаги бир қатор хусусий клиникалар коронавирус учун тест ўтказиш бўйича шартномалар имзолади. Улар шу ҳафтадан мазкур хизматни кўрсатишни бошлаши кутилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими Тошкент шаҳрида Covid-19’га тест олаётган тиббиёт муассасалари ҳақида маълумот берди.

Тошкент шаҳар Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази раҳбари Малика Қудратхўжаеванинг сўзларига кўра, 2020 йилнинг 25 июнига қадар Тошкент шаҳрида жойлашган «Тиббиёт дунёси», Swiss Lab, Vitros Diagnostics, «Генотехнология» ва Akfa Medline сингари нодавлат тиббиёт ташкилотлари ўз лабораторияларида коронавирус инфекциясини пуллик асосда текшириш хизматини ташкил этиш бўйича шартнома имзолаган.

Ушбу хусусий тиббиёт муассасалари лабораторияларида яратилган шароитлар ўрганилиб, коронавирус инфекциясини текшириш учун белгиланган талабларга жавоб бериши тўғрисидаги тегишли хулосалар берилган.

Тошкент шаҳрида «Тиббиёт дунёси» МЧЖ ушбу йўналишдаги фаолиятини 24 июндан бошлаган. Қолган нодавлат тиббиёт ташкилотлари ҳам шу ҳафта ичида коронавирус инфекциясини пуллик асосда текшириш хизматини кўрсатишни бошлайди.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 24 июндан бошлаб нодавлат тиббиёт ташкилотларига ихтиёрий мурожаат қилган давлат ва нодавлат ташкилотларининг ходимлари ҳамда фуқароларни ушбу инфекцияга пуллик асосда текширишга рухсат берилганди. 

Мавзуга оид