Пойтахтда яна бир янги йўл ўтказгич қурилиши якунланмоқда
Сергели тумани Қипчоқ кўчасидаги “Тошкент – Ангрен” темир йўл линияси устидан ўтган транспорт ечими қурилиши ўз якунига етмоқда.
Пойтахтнинг Сергели туманидаги Қипчоқ кўчасининг Тошкент – Ангрен темир йўли билан кесишмасида транспорт ечими (йўл ўтказгич) қурилиши ишлари якунига етмоқда.
Транспорт вазирлиги хабарига кўра, ушбу йўналиш Сергели туманининг энг серқатнов ҳудудларидан бири бўлиб, туманнинг 2 та йирик ҳудудини бир-бирига боғлайдиган асосий транспорт йўлагидир.
“Бироқ, Қипчоқ кўчасидан Тошкент – Ангрен темир йўл линиясининг ўтганлиги ва узоқ йиллардан бери, айниқса, сўнгги пайтларда ушбу линиядан ҳар куни Тошкент – Ангрен йўналиши бўйлаб кўплаб юк ва йўловчи поездларининг мунтазам қатнаши, қолаверса, эрталаб аҳолининг ишга кетаётган вақтида ҳамда ишдан қайтаётган вақтида транспорт қатнови ортган пайтда поездларнинг ўтиши муносабати билан йўлларнинг бир неча дақиқага ёпилиши автомобиль коммуникацияси ҳамда аҳолининг ҳаракатланиши учун жуда ноқулайлик туғдираётган эди.
Тошкент – Андижон йўналишида йўловчи поездлари қатновининг тобора ортиб бораётгани ҳам ушбу йўналишдаги темир йўл кесишмасини янада кўпроқ ёпилишига сабаб бўляпти. Бу эса йиллар давомида мазкур ҳудудда йўл ўтказгич қуришни тақозо этарди.
Ниҳоят, 2018 йилда ушбу ҳудудда йўл ўтказгични қуриш ишларига киришилди. Дастлаб, “Кўприкқурилишлойиҳа” унитар корхонаси ҳамда “Боштранслойиҳа” акциядорлик жамияти институти мутахассислари томонидан йўл ўтказгичнинг лойиҳалаштириш ишлари ишлаб чиқилди. Шундан сўнг “Кўприкқурилиш трести” унитар корхонасининг 13-кўприкқурилиш отряди жамоаси томонидан қурилиш-монтаж ишлари бошлаб юборилди”, - дейилади маълумотда.
Лойиҳага асосан йўл ўтказгичнинг умумий узунлиги 772,5 метр бўлиб, кенглиги ўртача 28 метрни ташкил этади ҳамда темир йўл линияси устидан қарийб 9 метр баландликдан ўтади. Иншоотнинг эстакада қисми узунлиги 445,3 метр, баландлиги 8,2 метр, тиргак деворларининг умумий узунлиги эса 327,2 метрдан иборат бўлди.
Бугунги кунга қадар йўл ўтказгични бунёд этишда лойиҳа режасига асосан белгиланган умумий 18 таянч устунлари ва 4 та тиргак деворлар 100 фоизга қуриб битказилди. Шунингдек, 208 та 24 метрлик ҳамда 48 та 33 метрлик оралиқ балкалар ҳам ўрнатилди. Тиргак деворлар оралиғи 22,507 минг куб қум-шағал аралашмаси билан тўлдирилган. Йўл ўтказгичнинг ўтиш қисмида оралиқ балкалар деформацион чокларини бетонлаш ишлари, 1 ва 13-устунлар оралиғидаги ўтиш қисмида гидроизоляция, ҳимоя қатлами, текисловчи қатлам ётқизиш ишлари ҳамда 1 ва 2-тиргак деворлар оралиғида 1-қатлам асфальт ётқизиш ишлари якунланди. Айни пайтда эса 3 ва 4-тиргак деворлар оралиғи қум-шағал аралашмасидан сўнг кам цементли бетон аралашмасини ётқизиш ишлари ва 13 ҳамда 18-устунлар оралиғида гидроизоляция қилиш ишлари олиб борилмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бугунги кунгача ушбу йўл ўтказгичнинг қарийб 90 фоизга яқин қурилиш ишлари якунланган. Фақат сўнгги асфальт ётқизиш, ёритиш чироқларини ўрнатиш ва пиёда йўлакларини пардозлаш ҳамда ободонлаштириш ишлари қолди.
Мавзуга оид
07:37 / 26.10.2024
Тошкент аэропорти яқинидаги янги йўл ўтказгич ишга туширилди
12:00 / 12.10.2024
Сергелидаги портлаш: 4 нафар айбланувчининг ҳар бири 5 йилга озодликдан маҳрум қилинди
08:53 / 28.09.2024
Хива вокзали ёнида ерости йўл ўтказгичи барпо этилади
07:53 / 28.09.2024