Жаҳон | 08:42 / 28.06.2020
57290
13 дақиқада ўқилади

Паранойя, чартер рейслар ва ям-яшил ўлка. Марказий Осиёда иккинчи тўлқин ҳақида

Коронавирус ҳақидаги хабарларда «иккинчи тўлқин» ибораси тез-тез кўзга ташланяпти. Ҳа, кўп мамлакатларда вирус юқтирганлар сони яна кўпая бошлади. Ҳамма ерда ҳар хил омиллар иккинчи тўлқинни келтириб чиқармоқда.

Фото: REUTERS/Pavel Mikheyev

Коронавирус тарқалишининг иккинчи тўлқини кузда, шимолий ярим шарда ҳаво ҳарорати пасайганда юз бериши тахмин қилинганди, аммо бу тутқич бермас вирус тарқалишининг иккинчи тўлқини куз келишини кутиб ўтирмай ёздаёқ бошланиб кетди. Бу эса вируснинг иссиқ ҳавода ўлиши ҳақидаги фаразни буткул йўққа чиқарди. Доимо қуёшли Марказий Осиёда ҳам иккинчи тўлқин бошланиб кетди.

Мутахассисларнинг фикрича, иккинчи тўлқин пайдо бўлишида асосан карантин чекловлари бекор қилинаётгани сабаб бўляпти. Аслида бу гапни мутахассис бўлмай ҳам айтиш мумкин. Ахир чеклов бўлмагандан кейин одамлар хоҳлаганидай юраверади. Вирус эса бунақа одамларни «жуда яхши кўради». Карантинда зериккан одамлар чекловлар юмшатилиши билан кўчага отилишди ва оқибатда «вируснинг ови юриша бошлади».

Қуйида Марказий Осиёдаги тўрт мамлакат мисолида коронавирус пандемиясининг тарқалиши, авж палласига чиқиши ҳамда иккинчи тўлқини қандай рўй бераётганини таҳлил қилиб кўрамиз.

Қозоғистон. Энг кўп тест – энг кўп аниқланган ҳолат

Қозоғистонда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ илк ҳолат 13 мартда аниқланганди. У пайтда дунёнинг кўплаб мамлакатларида коронавирус тарқалиб бўлганди. Жумладан, Хитойда 80 минг, Италияда 15 минг, Эронда 10 минг, Жанубий Кореяда 8 мингдан ошиқ одам коронавирус юқтирганди. Вирус аниқланган 13 мартга қадар Қозоғистонда карантин жорий этилган, мактабларда таътил берилган ва барча оммавий тадбирлар бекор қилиб бўлинганди.

15 мартга келиб Қозоғистонда коронавирусга чалинганлар сони 8 нафарга етди ва мамлакатда фавқулодда ҳолат жорий қилинади. 17 март куни карантин туфайли Олма-Ота ва Нур-Султон шаҳарларига кириш-чиқиш ёпилади. 18 мартда эса вазият тезлашиб кетганди – Қозоғистонда коронавирус юқтирганлар сони 36 нафарга етади.

Қозоғистонда аҳолининг коронавирусга чалиниш ҳолати апрелнинг охири ва майнинг биринчи ярмида энг авжига чиқди. 2 май кунининг ўзида 306 нафар одам касаллик юқтиради. Кейинги рекорд 17 май куни қайд этилади ва бир кунда касалланганлар сони 307 нафарга кўпаяди. Шундан сўнг 31 майгача кунлик кўрсаткичлар тўхтовсиз ошиб борди ва шу куни 476 нафар одамда касаллик аниқланади. Май ойида вирус юқтирганлар сони кескин ошгани ўтказилаётган тестларнинг ҳам сони ортгани билан изоҳланди.

Июндан бошлаб Қозоғистонда вазият юмшайди ва 8 июнда кунлик ўсиш 165тага тенг бўлади. Бу 17 майдан кейинги энг паст кўрсаткич эди. Касалланганлар сони камая бошлагач, табиийки ҳукумат карантинни юмшата бошлайди. Худди бошқа мамлакатларда бўлгани каби...

Карантин юмшатилиши ўз «натижаси»ни узоқ куттирмайди ва 9 июндан бошлаб кунлик ўсиш яна оша бошлайди. 22 июнда кунлик ўсиш бўйича янги рекорд қайд этилади – 507 нафар. Икки кун ўтиб кунлик ўсиш 534тага етади ва бу Қозоғистонда коронавирус тарқала бошлагандан буён энг юқори кўрсаткич бўлади. Бу кўрсаткичлар Қозоғистонда иккинчи тўлқин бошланганидан далолат берарди ва мамлакат карантин чекловларини қайта жорий этишга тайёргарлик кўра бошлади. 22 июндан бошлаб Нур-Султонда боғчалар қайта ёпилиши эълон қилинди.    

28 июнь ҳолатига кўра, Қозоғистонда коронавирус юқтирганлар 20 319 нафарни, касаллик туфайли вафот этганлар 166 нафарни, соғайиб кетганлар 12 738 нафарни ташкил этмоқда. Эътиборли жиҳати, Қозоғистонда жуда кўп одам тест қилинган ва мамлакат бу борада Марказий Осиёда биринчи ўринда, дунё миқёсида ҳам нисбатан юқори кўрсаткичга эга - 1 млн 467 минг 556 кишининг таҳлил намуналари текширилган. Минтақада бу борада иккинчи кўрсаткич Ўзбекистонга тегишли - 1 млн 121 минг 236 киши. Қирғизистонда шу вақтгача 212 минг 112 киши тест қилинган, Тожикистон бу борадаги маълумотларни ошкор этмаган.

Қирғизистон. Қўшнилардан ўрнак

Қирғизистонда коронавирусга чалиниш ҳолати илк бор 18 март куни аниқланди. Бу қўшни давлатда ҳам коронавирус аниқланганига қадар оммавий тадбирлар ўтказиш чекланган, шунингдек, мактаб ва боғчалар ўз фаолиятини тўхтатганди. Катта эҳтимол билан икки қўшни давлат Ўзбекистон ва Қозоғистонда вирус аниқлангани Қирғизистонда шундай чораларга ундаган.

Қирғизистонда кунлик рекордлар Қозоғистондаги каби юқори эмас, аммо cўнгги кунлардаги кўрсаткичлар мамлакат аҳолисининг сонига қараганда юқори бўлди... 6 апрелда 69 нафар қирғизистонликда вирус аниқланди. Бу орада касаллик қайд этилиши анча пасайди ва бир ой ўтиб 10 май куни рекорд янгиланди – 71 киши. Кейинги рекорд 18 май куни қайд этилди ва бу кунда жами 78 нафар одамда коронавирус аниқланди.

Майнинг иккинчи ярмида кўрсаткичлар пасая бошлади, аммо 28 майдан кунлик ўсиш яна ошди. 28 майдан 1 июнга қадар кетма-кет тўрт ҳар кунлик ўсиш 70 нафардан кам бўлмади. 2 июндан ўсиш кескин пасаяди ва ўша куни 28 нафар одамда касаллик аниқланади. Кейинги кунларда ҳам кўрсаткичлар 28-35 киши оралиғида бўлиб туради. 8-9 июнь кунларида 25-23 нафар одамда касаллик аниқланиб энг паст кўрсаткич қайд этилади. Шундан сўнг мамлакатда карантин чекловлари босқичма-босқич енгиллаштириб борилади.

Карантиннинг юмшатилиши эса табиийки кўрсаткичлар яна кўпайишига сабаб бўлади. 14 июнда кунлик ўсиш 78 нафаргача ошади. Шундан сўнг ўтган ўн кун мобайнида Қирғизистонда касаллик қайд этилиши мунтазам ошиб борди. 19 июнда бир кунда 132 нафар одамда касаллик аниқланиб янги рекорд қайд этилган бўлса, эртаси куни 192 киши коронавирус юқтиргани аниқланди. 22 июнда 205 нафар, 24 июнда эса 207 нафар одам коронавирус юқтиргани маълум бўлди ва янги рекордлар қайд этилди. 26 июнь куни янги рекорд кузатилди – 250 киши.

Коронавирус яна авж ола бошлагани сабаб ҳукумат яна бир неча вилоят ва шаҳарларда фавқулодда ҳолат режимини жорий этиши кутилганди. Кейинчалик Қирғизистонда фавқулодда вазият вақтинча жорий этилмаслиги айтилди.

28 июнь ҳолатига кўра Қирғизистонда коронавирус билан касаллланиш ҳолатлари сони 4513тани, вафот этганлар сони 46 нафарни, соғайганлар сони 2212 нафарни ташкил этмоқда.

Тожикистон. Паранойя ва дедлайнни кутган расмий баёнот

Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларига қараганда Тожикистонда вазият бироз бошқача кечди. Бу мамлакатда коронавируснинг биринчи тўлқини қачон рўй берди, ҳозирги ҳолат иккинчи тўлқинми ёки иккинчи тўлқин ҳали олдиндами, бунга ҳеч ким жавоб бера олмайди. Сабаби бу мамлакатда бошқалардан фарқли ўлароқ узоқ вақтгача коронавирус аниқлангани рад этиб келинди. Қайсидир маънода буни сиёсий паранойя деб аташ ҳам мумкин.

Ижтимоий тармоқларда ва Тожикистон сайтларида мамлакатда пневмония кенг тарқалгани, ундан вафот этиш ҳолатлари кўпайгани ҳақида хабарлар тинмади, жаноза майит тез ёрдам машинасига қўйилган ҳолда ўқилаётгани тасвирланган видеолар тарқалди, тожикистонликлар ҳали коронавирус аниқланмай қабрлар герметика пакет билан ўраб хлорланаётганини видеога олиб интернетга жойлашди ҳамки расмий баёнотдан дарак йўқ эди.

Ўз исмини ошкор қилишни хоҳламаган тиббиёт ходимлари коронавирус Тожикистонга март ойи ўрталарида кириб келгани, аммо мутасаддилар уни яширгани ҳақида маълумотлар беришди.

Апрелнинг сўнгги кунларида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Тожикистондаги коронавирус билан боғлиқ вазиятни тафтиш қилиш учун мамлакатга ўз вакилларини юбориши ҳақида эълон қилади. Шундан сўнг ЖССТ вакиллари етиб келмасидан бир кун олдин, 30 апрель куни Тожикистонда коронавирус билан касалланиш ҳолати борлиги расман эълон қилинади. Гўёки, Тожикистон ҳукумати ЖССТ белгилаган дедлайннинг охирги кунини кутиб тургандек.

Энг даҳшатлиси, Тожикистонда апрелнинг сўнгги кунларигача боғча ва бошқа барча таълим муассасалари ишлашда давом этди, ҳукумат 27 апрелга келиб аввалига боғча ва мактабларда таътил эълон қилади. Орадан бир неча кун ўтиб мамлакатда коронавирусни юқтириш ҳолати борлиги расман тан олингандан сўнг ўрта махсус ва олий таълим муассасалари ёпилди ҳамда барча оммавий тадбирлар бекор қилинади. Унгача март, апрель ойларида режалаштирилган барча тадбирлар ўтказилди. Уларда ҳатто мамлакат президенти Имомали Раҳмон ва бошқа юқори лавозимли амалдорлар ҳам қатнашди.

Тожикистонда 4 майда илк марта кунлик ўсиш 100 кишидан ошди (102) нафар одамда коронавирус аниқланди. 15 майга келиб кунлик ўсиш 211 нафарга етди. Шундан сўнг, ўн кун давомида ҳар куни мамлакатда 200дан ошиқ одамда коронавирус қайд этилади ва 25 майдан касаллик аниқланиши камайиши бошланди. 23 июнда Тожикистонда 54 нафар одамда коронавирус аниқланди. Бу 12 майдан буён энг паст кўрсаткич.

Аммо 24 июнь куни коронавирус юқтирганлар сони сезиларли ошди – 63 нафар. Балки бу мамлакатда коронавирус энг охирида, бошқалардан 1,5-2 ой кейин аниқлангани каби (расман), иккинчи тўлқиннинг юз бериши ҳам энди содир бўлар. Буни вақт кўрсатади.

28 июнь ҳолатига кўра, Тожикистонда коронавирус юқтирганлар сони жами 5799 нафарни, ундан вафот этганлар 52 нафарни, соғайганлар эа 4391 нафарни ташкил этмоқда.

Ўзбекистон. Июндаги рекордлар

Мамлакатимизда илк коронавирусга чалинган бемор 15 март куни аниқланди. 29 март куни 40 нафар одамда хавфли вирус аниқланди. 6 апрелда эса илк марта кунлик зарарланиш ҳолатлари сони 100дан ошди ва жами беморлар сони 115 нафарга етди. 11-15 апрель кунларида ҳар куни 133-167 нафар оралиғида касаллар аниқланди. Жумладан, 11 апрелда 143 нафар, 13 апрелда 133 нафар, 14 апрелда 167 нафар, 15 апрелда 137 нафар.

Шундан сўнг 7 июнгача бўлган муддатда фақат 26 май куни 101 нафар одамда коронавирус аниқлангани ҳисобга олинмаса, бошқа кунларда кунлик касалланиш ҳолати 100тага етмади. 15 апрелдан 7 июнгача салкам икки ой муддатда энг кўп касалланиш 26 май куни (101 нафар), энг кам касалланиш 26 апрелда (7 нафар) қайд этилди.

Аммо 7 июнь куни кунлик касалланиш сони кескин ўсди ва 237 нафар одамда касаллик аниқланиб рекорд қайд этилди. 8 июнь куни касаллик аниқланганлар сони бироз камайди ва 109 нафарни ташкил этди. Шундан сўнг бир ҳафта давомида ҳар куни 100 нафардан ошиқроқ одамда касаллик аниқланиб бораверди. 15 июнда ўсиш яна кескинлашди ва ўша куни 183 нафар одамда касаллик аниқланди. 16 июнда 230 нафар, 17 июнда 189 нафар, 19 июнда 179 нафар, 20 июнь куни 207 нафар, 23 июнда 201 нафар одамда касаллик аниқланди. 25 июнь куни 276 нафар одамда касаллик аниқланди ва кунлик касаллик аниқланиши бўйича янги рекорд қайд этилди.

Ўзбекистонда сўнгги кунларда коронавирус хориждан кириб келган ва карантинда бўлган фуқароларда аниқланяпти. Аммо минг афсуски карантин чекловлари юмшатилиши ортидан одамлар эркин ҳаракатлана бошлагач, аҳоли орасида ҳам касаллик чиқяпти, 27 июнь куни бу борада рекорд кўрсаткич қайд этилди – аҳоли орасида 54 кишида вирус аниқланди. Юртдошларнинг чартер рейсларда ватанга олиб келинаётганини ҳам унутмаслик керак.

27 июнь ҳолатига кўра, 7682 нафар одамда коронавирус аниқланган. Улардан 20 нафари вафот этган, 5240 нафари соғайган.

Ям-яшил Туркманистон – алоҳида ўлка

Коронавирус Ер юзидаги қарийб барча давлатлар (улар орасида узоқ Океаниядаги кичик ороллар ҳам бор) бўйлаб тарқалганига қарамасдан, Марказий Осиёдаги яна бир давлат Туркманистон ҳануз ўзида коронавирус юқтириш ҳолатлари йўқлигини таъкидлаб келмоқда. Бу орада Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида жойлашган юқумли касалликлар шифохоналари беморлар билан тўлгани ва уларга шифо излаб бораётган аҳолида коронавирус аломатларига ўхшаш аломатлар борлиги ҳақида хабарлар чиқди. ОАВда Туркманистонда илк коронавирусга чалинган одамлар аниқлангани ҳақида хабар ҳам берилди. Жумладан, «Хроники Туркменистана» нашрининг хабар беришича, пойтахт Ашхободда 6 нафар одамда коронавирус аниқланган ва уларнинг барчаси тиббий ходимлар бўлган.

Хулоса шу бўляптики, коронавирус ҳозирча иссиқда ҳам «ўлмаяпти» ва кунлик касаллик аниқланиши аввалгиларидан ҳам кўп бўлмоқда. Соҳа мутахассисларининг фикрига кўра, Марказий Осиё давлатларида коронавирус тарқалишининг иккинчи тўлқини бошланган. Қолаверса Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазири Елжан Биртанов (унинг ўзи ҳам касалликни юқтириб, истеъфога чиқди) бу мамлакатда коронавирус тарқалишининг иккинчи тўлқини май ўрталарида бошлангани ва ҳануз давом этаётганини билдирган.

Демак, ҳар қандай ҳолатда карантин қоидаларига амал қилиш, одамлар билан масофа сақлаб муомала қилиш, кўчадан уйга кирганда қўлларни совунлаб ювишда давом этиш ва эҳтиёж бўлмаган ҳолатларда кўчага чиқишдан тийилиб туриш керак. Акс ҳолда шунча қилинган меҳнат ва харажатлар бекор бўлиб чиқиши мумкин.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади

Мавзуга оид