Жамият | 13:15 / 30.06.2020
6424
3 дақиқада ўқилади

«Андижон ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ: коррупция – тараққиёт кушандаси

Мамлакатимизда тизимли ва босқичма-босқич амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсадларидан бири инсон ҳуқуқи, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишдан иборат.

«Андижон ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖда «Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, уларга имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш» мавзусида очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Тадбирда Андижон вилоят суди судьяси Ойбек Баракабаев, Андижон шаҳар прокурори катта ёрдамчиси Авазбек Бозорбоев, Андижон шаҳар адлия бўлими бош маслаҳатчиси Аҳаджон Ғуломов ва корхона вакиллари иштирок этди.

Сўзга чиққанлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 май кунги ПФ-5729 сонли «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида белгилаб берилган вазифалар ижроси юзасидан фикр юритишди. Коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, коррупциянинг юзага келиши ва коррупциявий жиноятчиликнинг сиёсий, ҳуқуқий, иқтисодий ҳамда психологик сабаблари ҳақида тушунча берилди. Соҳада коррупциянинг юзага келиш омиллари муҳокама этилди.

«Коррупцияга қарши кураш бўйича ҳуқуқий асосларнинг мустаҳкамланиши бу иллатга тўсиқ қўйишда жамоатчиликнинг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг, фуқароларнинг фаол иштирок этишига имконият яратиб берди, – дейди Андижон шаҳар прокурор катта ёрдамчиси Авазбек Бозорбоев. – Хусусан, «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши, шунингдек, Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг ташкил этилиши ва коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастурининг тасдиқланиши юртимизда коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган қатор чора-тадбирларни самарали амалга оширилишини таъминлаётир». 

Шунингдек, тадбирда аҳоли ҳуқуқий саводхонлигининг ўсиши коррупцияга қарши курашда муҳим аҳамиятга эга эканлигига эътибор қаратилди. Кўп ҳолларда ҳуқуқий саводхонликнинг етишмаслиги коррупциянинг келиб чиқишига сабаб бўлаётир. Сўзга чиққанлар томонидан ушбу йўналишда – аҳолининг ҳуқуқий билимини ўстиришда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаоллигини ошириш юзасидан қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Маърузачилар мавзу юзасидан хориж тажрибаси ҳақида ҳам тўхталиб, сўзларини ҳаётий мисоллар орқали қизиқарли тарзда ифодалади. Очиқ мулоқот юқори савияда ва қизғин савол-жавоблар билан ўтди.

«Андижон ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ Матбуот хизмати

Мавзуга оид