Ўзбекистон | 22:24 / 30.06.2020
11731
2 дақиқада ўқилади

«Мулкий ҳуқуқларни бекор қилиш фақат суд тартибида ҳал этилиши зарур». Президент ерга бўлган ҳуқуқлар кафолати кучайтирилиши ҳақида гапирди

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 30 июнь куни одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда хусусий мулк қонун ва суднинг кафолатли ҳимоясида бўлиши зарурлиги таъкидланган.

Маълум қилинишича, сўнгги бир ярим йил ичида судлар томонидан ҳокимларнинг ер ажратиш, бино-иншоотларни бузиш ва хусусийлаштиришга оид 1 минг 730та қарори бекор қилинган.

Суд орқали ер муносабатлари билан боғлиқ мингта, уй-жой бузилишига доир 51та, хусусийлаштиришга оид 62та ҳолатда фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари тикланган.

Хусусийлаштириш натижаларини қайта кўриб чиқишни бекор қилиш, умуман, давлат идораларининг бундай ташаббус билан чиқишига йўл қўймаслик ва бу қонунда мустаҳкамланиши кераклиги кўрсатиб ўтилди.

«Ерга бўлган ҳуқуқлар кафолати кучайтирилиб, мулкий ҳуқуқларни бекор қилиш фақат суд тартибида ҳал этилишини қатъий белгилаш зарур», деди президент.

Вилоят, туман (шаҳар) ҳокимлари, барча сектор раҳбарлари ўз ҳудудларида ушбу талабларга қатъий амал қилинишини таъминлаши шартлиги қайд этилди.

«Бир нарсани билинглар – сармоя киритаётган инвестор биринчи навбатда ўз ҳуқуқлари суд орқали кафолатли ҳимоя қилинишига эътибор беради. Ҳамма раҳбарлар қулоғига қуйиб олсин: суд фаолиятига аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ», – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Судьянинг фаолиятига тўсқинлик қилгани ва адолатсиз қарор чиқаришга мажбурлагани учун жавобгарликни кучайтириш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.

«Суд фаолиятида рақамли технологияларни кенг жорий этиш бугунги давр талабидир. Жорий йил якунига қадар Олий судда ягона «Адолат» ахборот тизимлари комплексини ишга тушириш вазифаси юклатилди.

Бунда барча учун судларга электрон мурожаат қилиш, мурожаатлар ҳолатини онлайн тарзда кузатиш, тарафларга маълумотларни электрон шаклда юбориш имконияти яратилади.

Судлар жорий йилда видеоконференция алоқа тизими билан 100 фоиз қамраб олиниши лозимлиги таъкидланди», дейилган президент матбуот хизмати хабарида.

Мавзуга оид