Иқтисодиёт | 15:07 / 30.06.2020
4546
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига кириши бўйича ишчи гуруҳ йиғилиши июль ойида ўтказилади

ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини қайта тиклаш 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни янада ривожлантириш Стратегиясида белгилаб ўтилган.

Фото: REUTERS

Жорий йилнинг 29 июнь куни Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов раҳбарлигида Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) билан ишлаш бўйича Идоралараро комиссиясининг 4-йиғилиши видеоконференция шаклида ўтказилди.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги хабарига кўра, тадбирда Ўзбекистоннинг ЖСТга кириши бўйича музокаралар олиб бориш гуруҳи аъзолари ҳам иштирок этди.

Учрашув давомида Ўзбекистоннинг ЖСТга кириши бўйича Ишчи гуруҳининг бўлажак 4-йиғилиши билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

Ҳозирги кундаги эпидемиологик вазиятни ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистоннинг ЖСТга кириши бўйича Ишчи гуруҳининг 4-йиғилиши жорий йилнинг 7 июль куни "гибрид" шаклида ўтказилиши, яъни Женевадаги хорижий давлатларнинг дипломатик миссиялари делегациялари Ташкилот штаб-квартирасининг мажлислар залида, эксперт гуруҳлари эса, шу жумладан, Ўзбекистон делегацияси, видеоконференция орқали иштирок этишига келишиб олинди.

ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини қайта тиклаш 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни янада ривожлантириш Стратегиясида белгилаб ўтилган ва кўп томонлама савдо тизимига интеграциялашуви ҳисобига мамлакат ташқи иқтисодий фаолиятини ривожлантиришнинг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу муносабат билан ЖСТга аъзо бўлиш жараёни муҳим вазифа эканлиги ва мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг бир қатор омилларига таъсир этувчи масалалар мажмуини тезкор ҳал этишни талаб қилиши алоҳида таъкидланди.

ЖСТга аъзо бўлиш билан боғлиқ ҳужжатларни тайёрлаш бўйича музокаралар гуруҳи ва алоҳида мавзулар бўйича ишчи гуруҳлар ишининг самарадорлигини янада оширишнинг аҳамиятига эътибор қаратилди.

Йиғилиш натижасида Ишчи гуруҳининг 4-йиғилишини ва музокаралар жараёнини самарали ташкил этиш ҳамда музокаралар олиб борувчи гуруҳ аъзоларининг масъулиятини оширишга қаратилган қатор қарорлар қабул қилинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид