Ўзбекистон | 10:01 / 02.10.2025
5624
2 дақиқада ўқилади

Сардор Умрзоқов Иордания подшоҳи билан учрашди

Ўзбекистон президенти маслаҳатчиси Сардор Умрзоқов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Иорданияда подшоҳ Абдулла II қабулида бўлди. 

Фото: Дин ишлари бўйича қўмита

Ўзбекистон президенти маслаҳатчиси Сардор Умрзоқов, президент маслаҳатчиси ўринбосари, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори Музаффар Комилов, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Даврон Махсудов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқовдан иборат делегация Иордания мамлакатида хизмат сафари билан бўлиб турибди.

Делегация аъзолари Иорданияда бир қатор ҳамкорлик учрашувларини ўтказишлари режалаштирилган. Ана шу мулоқотларнинг дастлабкиси Иордания Ҳошимийлар подшоҳлиги подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайн ўртасида ўтказилди.

Унда Ўзбекистон президенти маслаҳатчиси Сардор Умрзоқов ҳамда президент маслаҳатчиси ўринбосари, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори Музаффар Комилов иштирок этди.

Учрашувда Президент маслаҳатчиси Сардор Умрзоқов подшоҳ Абдулла II ибн ал-Ҳусайнга қабул учун миннатдорлик билдирди. Ўзбекистон ва Иордания ўртасида ҳамкорлик алоқаларида янги давр бошланганини эътироф қилди.

Ўз навбатида, подшоҳ Абдулла II ибн ал-Ҳусайн Иордания ва Ўзбекистон ўртасидаги мустаҳкам дўстликни юқори баҳолаб, ҳамкорликни давом эттириш ва мавжуд ўсиш имкониятларидан, хусусан, савдо, сармоя, соғлиқни сақлаш, таълим ва туризм соҳаларида фойдаланиш зарурлигини таъкидлади.

Шунингдек, делегация аъзолари кун давомида подшоҳнинг дин ва маданият масалалари бўйича бош маслаҳатчиси, шаҳзода Амир Ғозий, вақф ислом ишлари ва муқаддас қадамжолар вазири Муҳаммад ал-Ҳалаяла, Иордания бош муфтийси Аҳмад ал-Ҳасанот ҳамда ташқи ишлар вазири Айман Сафадий билан ҳам учрашувлар ўтказди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид