Ўзбекистон | 22:02 / 30.06.2020
24667
3 дақиқада ўқилади

Президент суд тизимини қайта кўриб чиқишга топшириқ берди

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 30 июнь куни одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда маълум қилинишича, 2018-2019 йилларда биринчи инстанция судларида жами 192та жиноят иши бўйича 307 нафар шахс оқланган бўлса-да, ҳеч қайси ҳолатда прокурор айбловдан воз кечмаган. Шу боис тергов жараёнидаги хатолар суд мажлисида аниқланса, прокурор суднинг тугашини кутиб ўтирмасдан, ўз ташаббуси билан айбловдан воз кечадиган тартиб жорий этилиши лозимлиги қайд этилди.

«Суд биносига келган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат борлигига ишониб чиқиб кетиши керак. Бу Президент талаби!», дея таъкидлади давлат раҳбари.

Бироқ, жорий йилда аҳолидан келиб тушган мурожаатларнинг 8 мингдан зиёди ёки 44 фоизида судларда ишлар тўлиқ ва холис кўрилмаётгани, узоқ муддат чўзилаётгани билдирилган.

Яна бир мисол, 2019 йилда иқтисодий судларда апелляция, кассация ва назорат тартибида кўрилган ишларнинг 2,5 мингдан ортиғи, яъни 44 фоизи бекор қилинган ёки ўзгартирилган. Бу ҳар икки шикоятдан бири бўйича туман ва вилоят иқтисодий суди чиқарган қарорлар юқори судда ўзгараётгани, тадбиркор ва инвесторлар сарсон бўлаётганидан далолат беради.

Мутасаддиларга илғор тажрибалар ва халқаро стандартлар асосида суд тизимини «бир суд – бир инстанция» тамойили асосида қайта кўриб чиқиш топшириғи берилди.

Суд тизимида эскилик сарқити бўлган, ўз номи билан ҳам суднинг мазмун-моҳиятига тўғри келмайдиган «назорат тартибида ишларни кўриш» амалиётидан тўлиқ воз кечилади.

Президент Шавкат Мирзиёев судьяларнинг адолатли қарор қабул қилишларига таъсир ўтказувчи барча омилларни, шу жумладан Олий суд раиси ва Бош прокурорнинг протест келтириш ҳуқуқини бекор қилиш таклифини илгари сурди. Парламент палаталари ушбу таклифни кўриб чиқади.

Судлар чиқараётган қарорлар фақат суд мажлисида текширилган далилларга асосланиши лозимлиги таъкидланди. Айрим судьялар тергов материалларига боғланиб қолгани, бу эса қонун, суд ва давлат обрўсига путур етказиши қайд этилди. Одил судлов халқнинг кўз ўнгида, очиқ-ошкора амалга оширилиб, адолат қарор топиши лозимлиги айтиб ўтилди.

Хусусан, йил якунигача суд мажлисларини аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда мажбурий қайд этиш тизимини жорий этиш топшириғи берилган. 

Давлати раҳбари, шунингдек, судга бориш учун айрим туман ва шаҳарларимизда одамларга қулайлик яратиш зарурлиги ҳақида гапирди. Мисол учун, аҳолиси энг кўп туманлардан бири бўлган Ургутда (500 минг киши, 102 та маҳалла) фуқаролик суди йўқлиги сабабли 80 километр йўл босиб, Тойлоқ туманлараро судига борилади.

Шу боис судлар ва уларнинг фаолиятини оптималлаштириш бўйича топшириқлар берилди.

Мавзуга оид