Жамият | 09:57 / 30.06.2020
5580
2 дақиқада ўқилади

Сўнгги икки йилда таълим тизимида 326 нафар, соғлиқни сақлаш тизимида 581 нафар ходим жиноий жавобгарликка тортилган

91 та давлат олий ўқув юртларининг 40 таси ёки деярли ҳар иккинчисида раҳбар ёки профессор-ўқитувчилар томонидан таълимга алоқадор жиноят содир этилган.

2020 йил 29 июнь куни Олий Мажлис Сенати Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди. 

Сенат ахборот хизмати хабарига кўра, унда бош прокурор ўринбосарининг соғлиқни сақлаш, таълим ва қурилиш соҳаларида коррупцияга қарши курашиш борасидаги фаолияти юзасидан ахбороти эшитилди.

Мажлисда олий таълим, қурилиш ва соғлиқни сақлаш соҳаларида коррупцияга қарши курашиш борасидаги фаолиятда айрим камчиликлар мавжудлигига эътибор қаратилди.

Қайд этилганидек, таҳлиллар сўнгги икки йилда таълим тизимида 326 нафар ходимлар таълим жараёни билан боғлиқ жиноятлар учун жавобгарликка тортилган. 317 нафар, яъни 97 фоиз ходим содир этган қилмишлар коррупциявий жиноят ҳисобланади.

91 та давлат олий ўқув юртларининг 40 таси ёки деярли ҳар иккинчисида раҳбар ёки профессор-ўқитувчилар томонидан таълимга алоқадор жиноят содир этилган. Мавжуд 970 та коллеж ва лицейлардан 131 таси, яъни 14 фоизида таълимга боғлиқ жиноятлар юз берган.

Сўнгги икки йилда соғлиқни сақлаш тизимидаги 581 нафар ходимлар турли жиноятларни содир қилганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилган бўлиб, улардан 114 нафари, яъни ҳар тўртинчисининг содир қилган қилмиши коррупцион жиноят эканлигини кўрсатди.

Мажлисда кўриб чиқилган масалалар юзасидан Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Мавзуга оид