Таълим | 13:43
1038
3 дақиқада ўқилади

“Давлат мактабларининг асосий вазифаси болаларни маълум вақт ушлаб туриш бўлиб қолди” – Ҳамид Содиқ

Педагог ва ҳуқуқшунос Ҳамид Содиқ давлат мактаблари бугун таълим беришдан кўра кўпроқ ижтимоий вазифани бажараётганини айтди. Унинг фикрича, таълим тизимидаги қатор ўзгаришлар давлат мактабларини қийин аҳволга солиб қўйган.

Фото: Kun.uz

Педагог ва ҳуқуқшунос Ҳамид Содиқнинг айтишича, интернетга чиқиб қолаётган мактаб можаролари таълим муассасаларидаги воқеаларнинг кичик бир қисми холос.

“Интернетга чиқаётгани – мактабдаги ҳолатларнинг аслида бир фоизи ҳам эмас. Мактабларда болалар билан боғлиқ шундай даҳшатли жиноятлар, ахлоқий масалалар бор. Кўпинча бу масалалар айтилмайди, ҳеч ким буни эшитгиси келмайди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва директор, синф раҳбари билади холос”, дейди у.

Унинг фикрича, давлат мактаблари бир вақтнинг ўзида яхши ўқувчилар ва кучли ўқитувчиларнинг бир қисмини йўқотган.

“Президент мактабларига ахлоқи, дунёқараши бўйича энг элитар ўқувчилар кетишди. Улар синфлардаги мўътадилликни таъминлаб берарди. Уларга қараб интилинарди, улар мисол сифатида кўрсатиларди.

Иккинчи даражада хусусий мактабларга яхши болалар кетди, яхши ўқитувчилар ҳам кетиб қолди. Давлат мактабларида бир вақтнинг ўзида камбағаллашиш вужудга келди. Бу жиноятчиликнинг ошиши, ўқитувчиларга бўлган муносабат билан боғлиқ масалаларни вужудга келтирди.

Ҳозир давлат мактабларининг асосий функцияси – миллион-миллиион болаларни эрталаб соат 8 дан тушдан кейинги 13гача маълум бир ҳудудда ушлаб туриш вазифасини кўпроқ бажаряпти. Чунки ҳозир мактаб билан боғланмасдан туриб ҳам сертификатлар олиб ўқишга кириш мумкин, ёки мактабга боғланмаган ҳолда касб эгаллаш мумкин. Мана шу комплекс муаммолар давлат мактабларини жудаям қийин аҳволга солиб қўйди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи инсонлар, яъни “погонлилар” мактабга қанча аралашадиган бўлса мактаб шунча қамоқхонага ўхшаб боради. Олдин Миллий гвардия ходимлари мактабга қўйилганда мана шу студияда туриб айтганман бу нотўғри иш эканлигини, бу жараён ишламаслигини. Ҳали бу нарсалар очиқланмаган, Миллий гвардия ходимлари билан қанча жанжаллар бўлди 11-синфлар ўртасида. Хусусий мактаблар билан президент мактабларига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар қанча марта боришгани ҳақида статистика борми? У ёққа бориш шарт эмас, у ерда бунақа муаммо йўқ”, дейди у.

Тўлиқ кўрсатувни ҳавола орқали томоша қилиш мумкин.

Гулмира Тошниёзова
Муаллиф Гулмира Тошниёзова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид