Ўзбекистон | 11:08 / 02.07.2020
2085
3 дақиқада ўқилади

Ёшларга оид давлат сиёсатини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар дастури тасдиқланди

Президент “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини тубдан ислоҳ қилиш ва янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Дастурда қуйидагилар назарда тутилади:

ёшларнинг инновацион, амалий ва истиқболли лойиҳаларига грант маблағлари ажратиш;

ўз иқтидори ва салоҳиятини камол топтириш, келажакда қизиққан соҳасининг етук мутахассиси бўлиб етишиши учун ёшларда ўзини ўзи ривожлантириш бўйича кучли мотивация уйғотиш мақсадида кенг ёшлар даврасида халқаро миқёсда юқори нуфузга эга нотиқлар жалб қилинган ҳолда мотивацион тадбирлар ўтказиш;

ҳудудларда ёшлар бандлигига кўмаклашиш мақсадида қудуқлар бурғилаш (қазиш), суғориш воситалари харид қилиш, енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш, уруғлик ва кўчатлар сотиб олиш учун субсидиялар ажратиш;

ёшларнинг халқаро фан олимпиадалари ва танловларда ҳамда ёш тадбиркорларнинг халқаро форум ва ярмаркалардаги иштирокини таъминлаш, ёшларнинг халқаро меҳнат бозорларига чиқишига кўмаклашиш;

иқтидорли ва жамоат ишларида фаол бўлган ёшларни (биринчи навбатда ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган оилаларнинг фарзандлари) бепул йўлланмалар асосида оромгоҳларга юбориш;

ёшларни келгусида тегишли соҳада малакали мутахассис бўлиб етишишлари, шу жумладан тадбиркорликка ўқитиш учун мамлакатимизда юқори натижаларга эришган соҳа мутахассисларини жалб этган ҳолда ўқув машғулотлари ўтказиш;

битирувчиларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш мақсадида барча ҳудудлардаги олий таълим муассасалари базасида бизнес акселераторлар ташкил этиш;

Ўзбекистон ёшлари порталини ташкил этиш ва унда ёшлар сиёсатини баҳолаш миллий индекслари ҳамда ёшларга оид қонун ҳужжатлари базасини шакллантириш;

ёшларни тадбиркорлик ва ишбилармонликка қизиқтириш ҳамда уларга бундай фаолиятни йўлга қўйишнинг амалий жиҳатларини ўргатиш мақсадида жойлардаги ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш ташкилотларига бизнес саёҳатлар ташкил этиш;

ёшларни касбга ўргатиш билан боғлиқ харажатлар, шунингдек, ёш тадбиркорларга ҳуқуқий, бухгалтерия, маркетинг, брендинг, банк, суғурта, меҳнат ва бошқа соҳаларда амалий кўмак кўрсатиш учун консалтинг хизматлари харажатларини қоплаш;

кўргазмали савдо ярмаркаларини ташкил этиш;

бизнесни йўлга қўйишдан даромад олишгача бўлган масалаларни ўргатишга қаратилган масофавий ўқув машғулотлари ўтказиш ва қўлланмалар яратиш;

иқтидорли ёш адиб, рассом ва ҳунармандлар ўртасида ижодий кўрик танловлар ташкил этиш, ёш муаллифларнинг ижод намуналари, жумладан, биринчи китобларини нашр этиш, санъат асарларини яратиш учун молиявий ёрдам кўрсатиш.

Белгиланишича, Ёшлар ишлари агентлиги Дастурда назарда тутилган тадбирларни молиялаштиришни тўғридан-тўғри ёки нодавлат нотижорат ташкилотларига ижтимоий буюртма шаклида ажратиладиган давлат грантлари ва субсидиялар тақсимлаш орқали амалга оширади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид